Қўшма лойиҳанинг якуний йиғилиши
01.
12. 2022
09:34
3884
Yangiliklar

2022 йил 30 ноябрь куни Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва БМТТДнинг Глобал экологик жамғарма молиявий кўмагида амалга оширилаётган “Биологик хилма-хилликнинг глобал аҳамиятга эга турлари учун муҳим асосий тоғли ҳудудлардаги ўрмон хўжалиги ва табиий ресурслардан барқарор фойдаланиш” қўшма лойиҳасининг Мувофиқлаштирувчи кенгашининг якуний йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда 2017-2022 йилларда Ўзбекистон Республикасининг баланд тоғли ҳудудларида амалга оширилган умумий миқдори 6,5 миллион АҚШ доллари миқдоридаги грант маблағлари бўлган лойиҳа якунлари муҳокама қилинди.

Турли миллий ҳамкорлар иштирокида амалга оширилган мазкур лойиҳа доирасида самарали ишлар амалга оширилди. Хусусан, Паркент ва Шаҳрисабз шаҳарларида ташкил этилган муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг таълим-тарбиявий фаолиятини ва табиатга эҳтиёткор муносабатда бўлишни тарғиб қилувчи ташриф марказларининг ташкил этилгани муҳим ишлардан бири бўлди.

Бундан ташқари, лойиҳа доирасида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда СМАРТ патрул тизимини жорий этиш учун кадрлар салоҳияти ва моддий-техника базасини ошириш ишлари олиб борилди.

2021-2030 йилларга, яъни 10 йилга мўлжалланган қор қоплонини сақлаш бўйича миллий чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди ва тасдиқланди.
Шу билан бирга, Ўзбекистон томонининг ташаббуси билан Ўзбекистон  Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон Республикаларининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш идоралари ўртасида қор қоплони ва унинг яшаш муҳитини сақлаш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида ўзаро англашув меморандумини ишлаб чиқиш ва имзолашда кўмак берилди. Бу Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилди.

Ҳужжатни амалга ошириш мақсадида мамлакатлар қор қоплони ва унинг экотизимларини сақлаш бўйича Глобал дастур котибияти билан биргаликда молиялаштириш учун Глобал экологик жамғармага тақдим этиш учун минтақавий грант лойиҳаси таклифини ишлаб чиқиш устида иш бошлади. 

Йиғилишда ҳамкорликда амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилиниб, галдаги вазифалар белгилаб олинди.


Давлат экология қўмитаси матбуот хизмати

Foydali manbalar