“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси кузги мавсумининг "Долзарб 40 кунлик" тадбири доирасида юртимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Сирдарё вилоятида ҳам дарахт кўчатларини ўтқазиш ишлари қизғин давом этмоқда.
26.
11. 2022
20:30
4036
Yangiliklar

Бугун Давлат экология қўмитаси раиси Н.Обломурадов бу борада амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишиш мақсадида хизмат сафари билан Сирдарё вилоятида бўлди. 

Қўмита раиси халқаро аҳамиятдаги М-34  "Тошкент-Душанбе" автомобиль йўлининг Гулистон шаҳри ҳудудидан ўтувчи қисми атрофида барпо этилаётган яшил ҳудудга яхши ният билан дарахт кўчати ўтқазди. 

Экилган дарахт кўчатларининг тури, ҳудуд иқлимига  мослиги, агротехник тадбирларнинг қай тартибда амалга оширилаётгани каби жиҳатларга алоҳида эътибор қаратиб, масъулларга тавсия ва кўрсатмалар берди.  

Таъкидланганидек, автотранспорт воситаларидан  атмосферага чиқадиган заҳарли газларни камайтиришда автомобиль йўллари четларида барпо этилаётган бу каби яшил ҳудудларнинг ўрни жуда катта.

Маълумот ўрнида айтадиган бўлсак, ушбу ҳудудга Сирдарё вилояти Экология ва атроф- муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ташаббуси билан вилоятдаги ташкилот ва корхоналар билан ҳамкорликда жорий йилнинг куз мавсумида 1 500 000 туп манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилган бўлиб, жараён давом этмоқда. 

Бугун ҳам бир километр масофадаги йўл ёқасига садақайрағоч, япон сафораси, катальпа ва қайрағоч каби 500 туп манзарали дарахтлар экилди.

Сирдарё вилояти Экология бошқармаси матбуот хизмати

Foydali manbalar