Бир вақтнинг ўзида онлайн форматда юртимизнинг барча ҳудудларида ташкил қилинган ушбу семинарда юз ёшдан ошган дарахтларни аниқлаш, уларни алоҳида давлат реестрига киритиш ва табиий ёдгорлик мақомини бериш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам маълумот берилди.
Давлат экология қўмитаси раиси Н. Обломурадов "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар доирасида юртимиздаги 100 ёшдан ошган дарахтларни муҳофаза қилиш борасида ҳам тизимли ишлар бошланганини таъкидлади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 22 августдаги “Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарни экиш, парвариш қилиш ва улардан фойдаланиш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорида дарахт ва буталарни экиш, суғориш, дорилаш ва парваришлаш ишларини ташкил этиш, шунингдек, мавжуд дарахтларни махсус ишчи гуруҳлар жойига чиққан ҳолда хатловдан ўтказиш вазифалари белгиланган.
Ушбу ишчи гуруҳга Давлат экология қўмитасининг Атроф-муҳит ва табиатни муҳофаза қилиш технологиялари илмий-тадқиқот институти, Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институти мутахассислари ҳамда Ўзбекистон Экологик партияси аъзолари жалб қилиниб, хатлов олиб борилди.
Хатловни ўтказишда 100 ёшдан ошган дарахтлар аниқланганда уларни табиат ёдгорликлари сифатида муҳофазага олиш учун алоҳида реестр юритилиб, рақамли маълумотлар базаси яратилмоқда. Айни пайтга қадар Республика миқёсида 5 мингдан, Тошкент шаҳрида эса 100дан ортиқ асрларга тенглашган дарахтлар борлиги маълум бўлди.
Дарахтларнинг рақамли маълумотлар базасини яратишдан асосий мақсад — уларнинг ҳар бирига табиат ёдгорлиги мақомини беришдан иборат. Маълумотлар базаси яратилгандан сўнг ҳар бир ёши катта дарахт қатъий давлат муҳофазасига олинади.
Ушбу дарахтларни табиат ёдгорлиги деб эълон қилиш «Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида»ги қонун талабларига мувофиқ амалга оширилади.
Илмий-амалий семинарда ҳар бир ҳудуднинг тупроқ-иқлим хусусиятларига мос кўчатларни танлаб экиш ва 100 ёшли дарахтларнинг ўзига хос хусусиятлари, касаллик даражаси ва зараркунандалардан асраш бўйича маълумотлар берилди.
Тадбир давомида Республика болалар фтизиатрия ва таянч ҳаракат касалликлари реабилитация марказига эсдалик совғалари ва Ўзбекистон "Қизил китоби" тўпламлари топширилди.
Шундан сўнг семинар иштирокчилари томонидан марказ ҳудудига дарахт кўчатлари экилди.
Давлат экология қўмитаси матбуот хизмати