Яшил ҳудудларни кенгайтириш бўйича таклифлар муҳокама қилинди
18.
11. 2022
20:17
2743
Yangiliklar

Президент Шавкат Мирзиёев “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси ижросини самарали ташкил этиш, ўрмон хўжалигида бошқарувни мақбуллаштиришга оид таклифлар тақдимоти билан танишди.

Дарахтзорлар ҳаво тозалигини таъминлайдиган, юртга кўрк бағишлайдиган бойликдир. Бундай ҳудудларни кўпайтириш мақсадида ўтган йили давлатимиз раҳбари ташаббуси билан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси эълон қилинган эди. Унинг доирасида ҳар йили 200 миллион туп дарахт ва бута кўчатларини экиш белгиланди. Юртимиздаги яшил майдонларни ҳозирги 8 фоиздан 30 фоизга ошириш режалаштирилди.

Ўтган қисқа вақтда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 535 гектар дарахтзор, 638 гектар “яшил жамоат парклари” ташкил этилди. Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасида “Яшил ҳудуд” давлат унитар корхонаси тузилиб, зарур техникалар билан таъминланди.

Юртимиздаги экологик вазият ва бажарилган ишлар таҳлили бу ҳаракатни янада кенгайтириш зарурлигини кўрсатмоқда. Хусусан, aтмосфера ҳавоси турли кимёвий моддалар ва оғир металлар билан ифлосланган. Кўчатлар экиш ва парваришлаш жараёнларида ҳокимликлар билан Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг вазифалари аниқ тақсимланмаган.

Шу боис ушбу тадбирларга Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасини ягона масъул ташкилот этиб белгилаш таклиф этилмоқда. “Яшил боғлар” ва “яшил жамоат парклари”ни барпо этиш, дарахтларни парваришлаш ва уларни 3 йил давомида сақлаш “Яшил ҳудуд” корхонаси томонидан амалга оширилиши белгиланмоқда.

Шунингдек, дарахтлар экиладиган ер майдонларини аниқлаш ва лойиҳалаштириш, кўчатхоналарни кўпайтириш, сув тежовчи технологияларни жорий қилиш, ўрмон хўжаликлари учун махсус техникалар сотиб олиш чоралари назарда тутилмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев бу ишларнинг мамлакатимиз экологияси ва халқимиз саломатлигидаги аҳамиятини таъкидлаб, чора-тадбирларни янада такомиллаштириш вазифасини қўйди.

Foydali manbalar