Маълумки, жорий йилнинг 11 октябр куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг кузги мавсумида амалга ошириладиган ишларни  сифатли ташкил этиш юзасидан аниқ мақсад ва вазифалар белгилаб берилган эди. 
17.
10. 2022
10:45
3067
Yangiliklar

 Давлат экология қўмитаси томонидан ушбу вазифалар ижросини таъминлашга бағишланган йиғилиш ўтказилди.


 
Ўрмон хўжалиги, Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмиталари, "Йўлкўкалам" ДУК, Ўзбекистон Экологик партияси, ҳудудий экология бошқармалари мутасаддилари иштирокида видеоселектор тарзида ташкил этилган йиғилишда мамлакатимизда жорий йилнинг 20 октябридан 1 декабрига қадар эълон қилинган кўчат экиш бўйича долзарб 40 кунликда ўзаро ҳамкорликда амалга ошириладиган чора-тадбирларни самарали ўтказиш масалалари муҳокама этилди.

Таъкидландики, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг кузги мавсумини юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш учун Давлат экология қўмитаси ҳузурида мамлакатимиздаги 10 дан зиёд илмий ва олий таълим муассасаларидан 80 нафарга яқин олим ва мутахассислардан иборат экспертлар гуруҳи шакллантирилди.  

Мазкур экспертлар гуруҳи аниқ мақсад билан фаолият олиб бориши кўзда тутилган. Жумладан, мавсум давомида ҳар бир ҳудуднинг тупроқ ва иқлим шароитини ҳисобга олган ҳолда мевали ва манзарали дарахт ҳамда бута кўчатлари экиш, уларнинг тур ва навларини тўғри танлаш, агротехника меъёрлари, касаллик ва зараркунандаларга қарши чидамлилигини ҳисобга олиш каби масалаларни ўз ичига олган илмий тавсиялар ишлаб чиқилади ва жойларга етказилади.

Ҳудудлар кесимида  соҳа олимларидан иборат амалий ёрдам кўрсатувчи ва мониторинг қилиш гуруҳи фаолияти йўлга қўйилади. Бу гуруҳ жойларда ташкил этилаётган ишларга ўз тавсияларини бериш билан бирга вилоят ҳокимликлари, Давлат экология қўмитасига таҳлилий маълумотларни ўз вақтида киритиб боради.

Экспертлар гуруҳи томонидан жойларда кўргазмали семинарлар ташкил этилади. Ушбу семинарларга тажрибали боғбонлар, миришкорлар ҳам таклиф этилиб, амалий тушунчалар берилади.

Йиғилиш давомида аҳоли ўртасида миллий қадриятларимиздан келиб чиққан ҳолда "Яшил макон" лойиҳасининг аҳамиятини кенг тарғиб қилиш, дала четлари ва кўча бўйларида мевали дарахтлар, хусусан, тут кўчатларини кўпроқ ўтқазиш, маҳаллаларда, хонадонларда райҳонлар экиш, токзорларни кўпайтириш юзасидан ҳам аниқ кўрсатмалар берилди.
  
Йиғилиш якунида мутасаддиларнинг таклифлари эшитилиб, галдаги вазифалар белгилаб олинди.

Давлат экология қўмитаси матбуот хизмати

Foydali manbalar