ДАВЛАТ ЭКОЛОГИЯ ҚЎМИТАСИ ВА БМТНИНГ ОЗИҚ-ОВҚАТ ВА ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ ТАШКИЛОТИ (ФАО) ЎРТАСИДА ҲАМКОРЛИК  БИТИМИ ИМЗОЛАНДИ
04.
07. 2022
21:01
3509
Yangiliklar

Жорий йилнинг 4 июль куни Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш Давлат қўмитаси ҳамда БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)нинг “Ўзбекистонда озиқ-овқат тизимларининг, ердан фойдаланиш ва қайта тиклашнинг таъсири дастури”ни амалга ошириш бўйича келишув имзоланди.

Ҳужжат  Давлат экология қўмитаси раиси Нарзулло Обломурадов ва ФАОнинг субминтақавий координатори ва Ўзбекистондаги вакили Виорел Гуцу  томонидан имзоланди.

Қўшма лойиҳанинг асосий мақсади деградацияга учраган экотизимлар ва унинг хизматларини тиклашга кўмаклашиш, дон етиштиришга асосланган экин майдонларига илғор инновацион тажрибаларини олиб кириш ва биохилмахилликни муҳофаза қилишдан иборатдир.

Лойиҳа грант қиймати жами 5,99 млн. АҚШ долларини ташкил этиб, Глобал экологик жамғарма (GEF)  томонидан молиялаштирилиши белгиланган.

“Ўзбекистонда озиқ-овқат тизимларининг, ердан фойдаланиш ва қайта тиклашнинг таъсири дастури бўйича иқлим ўзгаришининг оқибатларини ҳисобга олувчи экологик тоза ишлаб чиқариш амалиётлари интеграциялашган ландшафт бошқарув тизимини жорий қилиш, барқарор озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва қиймат занжирини ривожлантириш миллий ва халқаро миқёсда шериклик ва ҳамкорликни талаб қилади” - деди Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Н.Обломурадов ўз нутқида.

“Мазкур ҳужжатнинг имзоланиши Ўзбекистонда тупроқ таназзулига қарши курашиш бўйича қилинааётган чора-тадбирларни қўллаб-қувватлашга қаратилган биргаликдаги саъй-ҳаракатларимизнинг бошланишидир. Лойиҳанинг муваффақиятли амалга оширилиши таназзулга учраган қишлоқ хўжалиги ерлари ва яйловлари муаммоларини ҳал этишга, пировардида, барқарор қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ҳамда аҳоли турмуш даражасини оширишга хизмат қилишига ишонаман”, - дейди ФАОнинг субминтақавий координатори ва Ўзбекистондаги вакили Виорел Гуцу.

Қўшма лойиҳа доирасида табиатни асраш ва тиклаш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар қуйидагиларни ўз ичига олади:
1. Биохилмахиллик ва йўқолиб кетаётган турларнинг яшаш жойларини тиклаш ва экотизим хизматларини асраб қолиш, биохилмахилликни сақлаш;
2. Таназзулга учраган ерлар ва юқори табиий қийматга эга экотизимларни тиклаш бўйича давлат ва бошқа манфаатдор томонларнинг билим ва кўникмаларини ошириш ва ресурсларни жалб қилиш;
3. Экотизимларни сақлаш ва тиклашда интеграцион ер бошқаруви моделларини ишлаб чиқиш ва бунда ҳосилнинг қуруқлик, иссиқлик, ер эрозияси, тузланишга чидамлилигини ошириш;
4. Глобал аҳамиятга эга экотизимларни иқлим ўзгаришининг таъсирини камайтириш ва сақлаб қолиш.

Ҳамкор томонидан таклиф этилаётган молиявий воситалар 2030 йилга қадар деградацияга учраган ерлар ва йўқотилган ўрмонларниниг 
0,5 миллион гектарини тиклаш, чўлланиш ва қурғоқчилик таъсирига учраган суғориладиган ерларни унумдорлигини ошириш, Орол денгизининг қуриши билан боғлиқ муаммоларни юмшатишга қаратилган.

Foydali manbalar