Тошкент вилояти: илдиз отган «иллат»нинг пайи қирқилмоқда
13.
01. 2020
15:03
5517
Янгиликлар

Бугунги кунда чиқиндиларни белгиланмаган жойларга ташлаш орқали атроф-муҳитни ифлослантириш, ноқонуний чиқиндихоналарни вужудга келтириш «иллат»га айланди. Аҳоли ва юридик шахсларнинг маиший, қурилиш, тиббий, биологик чиқиндиларни белгиланган жойларга ташламаслиги ноқонуний чиқиндихоналар пайдо бўлишига олиб келмоқда. Соҳада олиб борилган мониторинг натижалари шуни кўрсатдики, жойларда санитар ва экологик ҳолат ёмонлашувига чиқиндиларни майдонлар, кўчалар, суғориш тармоқлари ичига, суви муҳофаза қилинадиган зоналар, дарё бўйларига, аҳолининг маданий-маиший дам олиш ҳудудларига ташланаётгани сабаб бўлмоқда.

Ноқонуний чиқиндихоналарга қарши курашиш мақсадида Давлат экология қўмитаси томонидан мунтазам равишда рейд тадбирлари ўтказилиб келинмоқда. Ушбу тадбирлар бутун республикани қамраб олгани эътиборга молик.

Яқинда Давлат экология қўмитаси Чиқиндилар билан ишлаш соҳасидаги ишларни мувофиқлаштириш ва ташкил этиш бошқармаси томонидан Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани тоғ ёнбағри ҳамда Чимён дам олиш маскани ҳудудида назорат тадбири ўтказилди.

Рейд давомида дам олиш зонаси ҳудуди, шунингдек йўл бўйи ва қир-адир атрофига турли маиший чиқиндиларни ташлаган 4 нафар фуқаро – Х.М., Ю.А., С.Т., Ю.А.лар «қўлга тушди».

Ҳуқуқбузар фуқароларга нисбатан МЖтКнинг 91-моддаси 1-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилиб жарима қўлланилди.

Фуқароларга келгусида бундай ҳуқуқбузарлик ҳолатига йўл қўймасликлари, чиқиндиларни фақат белгиланган жойгагина ташлаш лозимлиги борасида тушунтириш берилди.

Шунингдек, «Тоза ҳудуд» ДУКнинг Бўстонлиқ туман филиали ишчи-ходимлари ва техникалари жалб қилингани ҳолда ҳудуд ўша куннинг ўзидаёқ чиқиндилардан тозаланади. 

Чиқиндилар мавзуси доим долзарб бўлиб келган. Кўп ҳолларда уни олиб чиқиб кетувчиларни қоралаб фикр билдирамиз. Аммо айрим ҳолларда ўзимизда бу борадаги маданиятнинг етишмаслигини тан олгимиз келмайди, негадир.




 


Давлат экология қўмитаси
Ахборот хизмати

 


 

Фойдали манбалар