Қарор

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

ДАВЛАТ ОРГАНЛАРИ ҲУЗУРИДА ЖАМОАТЧИЛИК КЕНГАШЛАРИ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА

     Ўтган давр мобайнида мамлакатимизда мустақил фуқаролик институтларини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, уларнинг эркин фаолияти кафолатларини таъминлаш, давлат органларининг фуқаролар билан яқин ҳамкорлигини йўлга қўйиш, уларнинг очиқ, шаффоф ва ошкора фаолият кўрсатишини таъминлаш, давлат органлари фаолияти устидан таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатиш юзасидан комплекс ва изчил ишлар амалга оширилди.

   Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналари фаолияти ташкил этилди, давлат органлари ва муассасалари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ташкил этиш ва амалга ошириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи «Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинди.

     Бунда давлат органларининг нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ижтимоий шериклигини амалга оширишнинг ҳуқуқий механизмлари яратилди, давлат органлари фаолияти очиқлигини таъминлашнинг ҳуқуқий асослари шакллантирилди, жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларини кўриб чиқиш тизими тубдан ислоҳ қилинди, коррупцияга қарши курашиш механизмларининг қонунчилик асослари яратилди, шунингдек, «Электрон ҳукумат» тизими босқичма-босқич жорий этилмоқда ва рўёбга чиқарилмоқда.

     Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига келиб тушаётган мурожаатлар таҳлили, шунингдек, фуқаролар билан ташкил этилаётган учрашувлар натижалари давлат ва жамият ўртасида самарали мулоқотни йўлга қўйишда қатор муаммолар мавжудлигини кўрсатмоқда. Хусусан:

биринчидан, мулоқотни амалга оширишда давлат органлари ва фуқаролар ўртасида боғлаб турувчи «кўприк»нинг йўқлиги давлат органлари фаолиятидаги муаммоларни аниқлаш ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш жараёнларига салбий таъсир кўрсатмоқда;

иккинчидан, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш масалаларига масъулиятсизлик билан ёндашиш, жумладан фуқароларнинг қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга ва жамиятдаги муаммоларни ҳал қилишга доир таклифларига бепарво муносабатда бўлиш ҳолатлари давлат органлари фаолиятининг самарадорлигини оширишга ҳамда давлат ва халқ ўртасида «мулоқот майдони»ни шакллантиришга тўсқинлик қилмоқда;

учинчидан, фуқароларда давлат органлари фаолияти тўғрисида батафсил ахборот олиш имкониятининг йўқлиги, кўпчилик ҳолларда уларга бундай ахборотни тақдим этиш асоссиз равишда рад этилаётганлиги халқнинг давлат органларига бўлган ишончини пасайтирмоқда;

тўртинчидан, давлат органлари фаолиятида соғлом ишчанлик муҳитини ва қонунийликни жорий этишга, ходимларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга қаратилган чора-тадбирларнинг лозим даражада амалга оширилмаслиги улар томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш ҳолатлари кўпайиши, фуқароларнинг ҳуқуқлари бузилиши, давлат органлари ходимлари хатти-ҳаракатлари устидан шикоятлар сонининг ортиши ва аҳолининг давлат органлари фаолиятидан норозилиги кучайиши учун шарт-шароитлар яратмоқда;

бешинчидан, ходимларнинг хизмат ва уй-жой шарт-шароитларини яхшилашга доир чора-тадбирлар амалга оширилиши, шунингдек, бу соҳада мавжуд муаммолар ҳал этилиши устидан жамоатчилик назоратининг кутилаётган натижаларни бермаётганлиги улар фаолиятининг самарадорлигини пасайтиришга олиб келмоқда.

Мазкур муаммоларни ҳал қилиш давлат органларининг фуқаролар билан ўзаро муносабатларига бўлган ёндашувни тубдан қайта кўриб чиқишни, жумладан аҳоли билан очиқ ва манзилли мулоқот олиб боришнинг янги самарали воситалари ва механизмларини жорий этишни талаб қилмоқда.

Мамлакатда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, давлат ва жамият ўртасида таъсирчан ҳамда самарали мулоқотни йўлга қўйиш, давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг мустаҳкам механизмларини ривожлантириш, улар фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини, фуқаролик жамияти институтлари билан самарали ҳамкорликни таъминлаш, шунингдек, 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни бажариш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, Вазирлар Маҳкамаси, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши, Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармаси, бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари ва кенг жамоатчиликнинг ҳар бир давлат органи, жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузурида жамоатчилик кенгашини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

2. Давлат органи ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши тўғрисидаги намунавий низом иловага  мувофиқ тасдиқлансин.

3. Белгилаб қўйилсинки:

жамоатчилик кенгаши ўз ишини жамоатчилик асосида олиб борадиган, доимий фаолият юритувчи маслаҳат-кенгаш органи ҳисобланади;

жамоатчилик кенгаши давлат органи раҳбарининг қарори билан ташкил этилади;

жамоатчилик кенгаши ўз фаолиятини Намунавий низомга мувофиқ ишлаб чиқилган ва давлат органи раҳбарининг қарори билан тасдиқланадиган низом асосида амалга оширади;

жамоатчилик кенгаши аъзолигига, қоида тариқасида, давлат органида намунали хизмат кўрсатган меҳнат фахрийлари, жамоатчилик фаолияти соҳаларида катта амалий тажрибага эга обрў-эътиборли фуқаролар, шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари қабул қилинади.

4. Қуйидагилар жамоатчилик кенгашининг асосий вазифалари этиб белгилансин:

қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда, қарорларда, шунингдек, давлат, тармоқ ва ҳудудий ривожлантириш дастурларида жамоатчилик манфаатлари ва жамоатчилик фикри ҳисобга олиниши, фуқароларнинг, юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини, жамият манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида қонун ҳужжатлари талаблари ижросини таъминлаш, давлат органи зиммасига юкланган ҳамда ижтимоий ва жамоатчилик манфаатларига дахл қилувчи вазифалар ва функцияларни бажариш, давлат хизматларини кўрсатиш, ижтимоий шериклик доирасида амалга ошириладиган битимлар, шартномалар, лойиҳалар ва дастурларни рўёбга чиқариш бўйича давлат органи ва унинг мансабдор шахсларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш;

биргаликда мулоқот қилиш, давлат органининг нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан самарали ҳамкорлигини таъминлаш учун давлат органини фуқаролар билан боғлаб турадиган «кўприк» ролини бажариш;

фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига дахл қилувчи энг муҳим масалалар юзасидан давлат органининг фаолияти ҳақидаги жамоатчилик фикрини тизимли мониторинг қилиш ва ҳар томонлама таҳлил қилиш, социологик сўровлар ўтказиш, жумладан уларни ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда ўтказиш;

давлат органи фаолиятида коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат дастурлари ва бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этиш, коррупцияга қарши курашиш бўйича олиб борилган ишлар устидан мониторинг ва таҳлил ўтказиш, шунингдек, уларнинг натижалари бўйича таклифлар тайёрлаш;

давлат органи фаолиятининг очиқлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган тадбирларни мониторинг қилиш, унинг фаолияти тўғрисида батафсил ахборот олиш имкониятларини таҳлил қилиш, уларни янада кенгайтириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

давлат органи фаолиятини ислоҳ қилишда фуқаролар иштирок этиши учун яратилган шарт-шароитларни ўрганиш ва уларни яхшилаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

давлат органи фаолияти бўйича фуқаролар ўртасида ўтказиладиган тушунтириш ишлари ва маънавий-маърифий тадбирларда иштирок этиш, уларнинг самарадорлигини ошириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;

давлат органлари ходимлари ва улар оилаларининг уй-жой, ижтимоий-маиший, хизмат шарт-шароитларини, уларга малакали тиббий ёрдам кўрсатиш шароитларини, шунингдек, ишдан бўшатилган ёки захирага олинган ходимларни ижтимоий ва касбий мослаштириш бўйича муаммоларни комплекс таҳлил қилиш ҳамда таҳлил якунлари бўйича мазкур шароитларни яхшилаш юзасидан таклифлар киритиш.

5. Жамоатчилик кенгашига қуйидаги ҳуқуқлар берилсин:

давлат органи томонидан ташкил этиладиган бўлажак очиқ ҳайъат мажлислари ва бошқа оммавий тадбирлар тўғрисидаги ахборотни олдиндан олиш ҳамда мазкур тадбирларда иштирок этиш;

давлат органининг, жумладан унинг ҳудудий бўлинмалари ва тасарруфидаги ташкилотларининг бинолари (хоналари) ва бошқа объектларини давлат органи томонидан белгиланган тартибда бориб кўриш;

давлат органи, унинг ҳудудий бўлинмалари ва тасарруфидаги ташкилотлари раҳбарларига жамоатчилик кенгаши ваколатига кирадиган масалалар юзасидан таклифлар киритиш;

давлат органи фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар ва тавсияларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш учун зарур бўлган давлат органининг ахборотлари, статистика ва бошқа материалларини белгиланган тартибда олиш;

давлат органининг қонун ижодкорлиги фаолиятида, давлат органи томонидан ишлаб чиқилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг жамоатчилик ва экспертлар муҳокамасини таъминлашда иштирок этиш;

жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларига давлат органи томонидан берилган жавобларнинг сифатини танлаб олган ҳолда таҳлил қилиш;

давлат органи ходимларининг розилиги билан уларнинг уй-жой, ижтимоий-маиший ва хизмат шарт-шароитлари билан танишиш;

жамоатчилик кенгаши мажлисларида муҳокама қилинадиган масалаларни ёритиш бўйича оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилиш;

юклатилган вазифаларни бажариш учун конференциялар, форумлар, семинарлар, давра суҳбатлари ва бошқа тадбирларни ташкил этиш.

6. Давлат органлари бир ой муддатда:

жамоатчилик кенгашларининг таркибларини тасдиқласин ва уларнинг фаолиятини ташкил этишга доир масалалар ҳал этилишини таъминласин;

давлат органига юклатилган вазифалар ва функцияларнинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб, Жамоатчилик кенгаши тўғрисидаги намунавий низом асосида жамоатчилик кенгашлари ҳақидаги низомларни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.

7. Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институтига давлат органлари билан биргаликда икки ой муддатда жамоатчилик кенгашлари фаолиятини ахборот-таҳлилий ва услубий таъминлаш, давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг таъсирчан механизмларини жорий қилишда уларга кўмаклашиш бўйича тадбирлар режасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш тавсия этилсин.

8. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги мазкур қарорнинг мазмуни ва аҳамияти кенг ёритилишини ҳамда аҳолига етказилишини ташкил этсин.

9. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М. Мавлонов ва давлат органларининг раҳбарлари зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ

Тошкент ш.,

2018 йил 4 июль,

ПҚ-3837-сон


Фойдали манбалар