Дарахт кесилиши бўйича мораторийнинг бузилиш ҳолатлари
25.
12. 2019
12:27
6213
Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 30 октябрдаги фармони билан давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига мораторий жорий этилганлигига ҳамда Давлат экология қўмитаси тегишли бўлинмаларининг  тарғибот-профилактика тадбирларига  қарамасдан хали-хануз ноқонуний дарахт кесилиш ҳолатлари кузатилмоқда.

2019 йилнинг 23 декабрь куни Тошкент шаҳар экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ишонч телефони орқали (71 277-75-43) Учтепа туманида (13-мавзе 5,6,7,8-уйлар оралиғида) кесилаётган дарахтлар бўйича мурожаат келиб тушди.

Давлат экология қўмитаси раиси Бахром Қўчқоров, раис ўринбосари Ўктам Ўтаев, Биохилма-хиллик ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар бош бошқармаси мутахассислари ҳамда шаҳар экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси инспекторлари воқеа жойига  ҳолатни ўрганиш учун чиқдилар. 

Ўрганиш давомида баён этилган манзилда дарахтларнинг заранг3 дона, 1 дона тут ҳамда 1 дона шумтол ноқонуний равишда, яъни тегишли рухсатномасиз кесилганлиги аниқланди. 

Бу билан Ўзбекистон Республикасининг «Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги (янги таҳрири) 37-моддаси ва Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 январдаги 43-сон қарорининг талаблари қўпол равишда бузилиб, етказилган зарар миқдори 98 120 000 сўмни ташкил этди.

Ушбу ҳолатда жиноят аломатларининг борлиги сабабли мазкур ҳуқуқбузарлик юзасидан материаллар тўпланиб, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этилади.

Ҳудди шу куни – 23 декабрь куни Тошкент шаҳар экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасига Шайхонтоҳур тумани Лабзак кўчаси 31-уй олдида кесилаётган дарахтлар бўйича келиб тушган мурожаатга асосан бошқарма инспекторлари томонидан ҳолат жойига чиқиб ўрганилди.

Ўрганиш давомида ушбу манзилда 6 дона сафора, 2 дона чинор дарахтларининг ўсишдан тўхтайдиган даражада кесилганлиги аниқланди.

Мазкур ҳолатда юқорида кўрсатиб ўтилган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар талаблари қўпол равишда бузилиб, ўсимлик дунёсига етказилган зарар миқдори 51 401 500 сўмни ташкил этди. Материаллар маъмурий ишлар бўйича судга топшириш учун тайёрланмоқда.

Давлат экология қўмитаси фаол ҳамкорлик ҳамда атроф-муҳитга ғамхўрлик учун бефарқ бўлмаган фуқароларга миннатдорчилик билдиради.

Шу ўринда агар сиз дарахт кесилаётган ёки табиатни муҳофаза қилиш қонунчилиги бўйича бошқа ҳуқуқбузарликларининг гувоҳи бўлсангиз Давлат экология қўмитасининг қуйидаги рақамларига –  (+998) 71 236-26-66, (+998) 71 207-11-07, ва (+998) 71 207-07-70 (ички 5012#, 1107#) қўнғироқ қилишингиз мумкинлигини яна бир бор эслатиб ўтамиз.


 


Давлат экология қўмитаси
Ахборот хизмати

 


 

Фойдали манбалар