Навоий вилоят: Атроф муҳитга эътиборсизлик ва лоқайдлик ҳолатлари
13.
09. 2019
11:26
5209
Янгиликлар

Жорий йилнинг 9 сентябрь куни Навоий вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси давлат инспекторлари томонидан Навоий давлат Педагогика институтининг М.Таробий кўчаси ҳудудида жойлашган факультетларнинг боғ-чорбоғлари ҳолати бўйича мониторинг кузатуви ўтказилди. Кузатув натижаларига кўра  институт масъул ходимларнинг эътиборсизлиги сабабли, ушбу ҳудуддаги мавжуд боғдаги мевали ва манзарали дарахтлар қаровсиз қолиб, 300 дан зиёд дарахтлар қуриб кетганлиги кузатилди. Боғ ичида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларининг олиб борилмаслиги натижасида хас-хашак ва турли чиқиндилар йиғилиб қолганлиги ҳамда мазкур ҳудуд ичида ичида айрим фуқаролар шахсий чорва молларининг боқилаётганлиги аниқланди.

Ушбу ҳудуддаги боғ ва ободонлаштириш учун мўлжалланган майдон учун суғориш тизими мавжуд бўлиб, ер ости сувидан фойдаланиш учун 3 та насос ўрнатилган, шундан бир дона  насос носоз ҳолатда эканлиги аниқланди.

Насоснинг ишламаслиги, масъул шахсларнинг лоқайдлиги натижасида 74 туп ўрик, 125 туп гилос, 3 туп арча ва 101 туп олхўри дарахтларнинг қуриб кетишига, шу билан бирга институтнинг янги Ахборот ресурслар маркази биноси атрофини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларинг ўз вақтида олиб борилмаганлиги натижасида қаровсиз ҳудудга келиб қолган.

Шунингдек, институт ҳудудида янги қуриладиган ётоқхона учун ер майдони ажратилган бўлиб, қурилиш остига тушган дарахтлардан ташқари қўшимча равишда 34 туп арча ва манзарали дарахтлар ноқонуний кесиб ташланган.

Аниқланган ҳуқуқбузарликлар юзасидан тўпланган маълумотлар вилоят прокуратурасига юборилди. Қабул қилинган чоралар бўйича келгусида маълумот тақдим этилади.


Навоий вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси
Ахборот хизмати


 

   

 

Фойдали манбалар