Республика сув объектлари давлат муҳофазасида
10.
06. 2019
10:20
5580
Yangiliklar

Маълумки табиатнинг нодир бойликларидан бири сув ҳисобланади. Сув манбаси нафақат аҳолининг ичимлик сувга бўлган эҳтиёжини қондириш, балки қишлоқ хўжалиги, саноат соҳасининг турли хил йўналишларидаги ишлаб чиқариш жараёнлари учун  ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Республика бўйича сув истеъмоли таҳлил қилинадиган бўлса, чучук сувнинг 33 фоизи очиқ сув ҳавзалари (дарёлар, сойлар, сув омборлари ва бошқалар) ҳисобидан, қолгани ер ости сувларидан йиғиб олинади ва сув иншоотларида тозаланиб, сўнг аҳолига қувурлар орқали етказилади. Маълумот ўрнида айтиб ўтиш керакки, бир суткада Ўзбекистон аҳолисига 6 млн. 226 минг м3 сув етказиб берилмоқда.

Сайёрамизнинг 4 дан 3 қисми, аниқроғи, 79 фоизи сув билан қопланган бўлса ҳам, унинг 6 фоизигина чучук сув, унинг ҳам 2-3 фоизи истеъмол учун яроқли, холос. Унинг ҳам 70 фоизи табиатда муз ҳолатида учрайди.

Ҳозирги кунда дунё бўйича ҳар 6 кишидан бири – тоза ичимлик суви тақчил ҳудудларда истиқомат қилмоқда. Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилотининг маълумотларига кўра, жамики касалликларнинг 85 фоизи бевосита сув билан боғлиқ.

Мамлакатда экологик вазиятни яхшилашга, шу жумладан, сув объектларини муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, шунингдек, тошқин ва сел ҳодисаларида фавқулодда ҳолатларнинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шу ўринда, Давлат экология қўмитаси Ўзбекистон Республикасининг “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги қонуни ва ушбу соҳадаги қонун ости ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат экологик назоратини амалга ошириб келмоқда.

Жумладан, фақат 2018 йилда Республика бўйича 179 та сув объектларида амалга оширилган рейдлар натижасида, 4472 та ҳолатда очиқ сув ҳавзаларининг қирғоқбўйи ва сувни муҳофаза қилиш минтақаларида ноқонуний қурилмалар аниқланган.

Шундан, сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисидаги қонун хужжатлари талабларига риоя этиш бўйича жисмоний ва юридик шахсларга 3525 та ёзма огоҳлантириш хатлари берилган, 841 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилиб, уларга 230 млн. сўмдан ортиқ жарималар солинган, 880 та ноқонуний қурилмалар муҳофаза минтақаларидан олиб ташланди, шунингдек 336 та ҳолат бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига ҳужжатлар киритилган.

Таъкидлаш жоизки, “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонуннинг 97-моддасига кўра сув объектлари аҳоли соғлиғига зарар етказиши, шунингдек балиқ захираларининг камайиши, сув таъминоти шароитининг ёмонлашиши ҳамда сувнинг физикавий, кимёвий ва биологик хоссалари пасайиши, сувнинг табиий тозаланиш хусусияти камайиши, сувнинг гидрологик ва гидрогеологик режимининг бузилиши натижасида келиб чиқадиган бошқа кўнгилсиз ҳодисаларга олиб келиши ҳолларидан муҳофаза қилиниши керак деб белгилаб қўйилган. Агар мазкур талабларга риоя этилмаса,  аҳолининг соғлиғи учун хатарли ҳолат юзага келиши мумкин.

Шуларни эътиборга олган холда Давлат экология қўмитасининг ҳудудий органлари томонидан очиқ сув ҳавзаларида сувларнинг ифлосланиш ҳолатини ўрганиш борасида доимий равишда сувлардан намуналар олиниб, таҳлил қилиб борилмоқда. Сув объектларида  офлосланитрувчи моддалар белгиланган меъёрга нисбатан ортганлиги ва бошқа салбий холатлар аниқланганда, уларни баратарф этиш юзасидан тегишли чоралар қўрилмоқда.

Хусусан, амалга оширилган давлат экологик назорати натижасида “Чорбоғ” сув омбори муҳофаза минтақасида жойлашган 192 та объектларга сувни ифлослантиргани учун огоҳлантириш хатлари тарқатилди, шундан 52 нафар фуқаролар маъмурий жавобгарликка тортилиб, 5 та чўмилиш ҳовузлари бузиб ташланди,  80 та дала-ховлиларнинг оқова сувлари марказий канализация тармоғига уланиши таъминланди.

Юқорида қайд этилгандек, Давлат экология қўмитасининг ҳудудий органлар томонидан тезкор давлат экологик назоратлари амалга оширилиши натижасида, биргина “Оҳангарон” дарёсида давлат инспекторлари томонидан ноқонуний қум шағал материлларини қазиб олиш билан боғлиқ 11 та қонун бузилиш ҳолатлари аниқланиб, ҳуқуқбузарларга нисбатан 37 млн. 632 минг сўм миқдорида маъмурий чоралар кўрилди.

Республика миқёсида Давлат экологик қўмитаси томонидан сув объектларни муҳофазасига қаратилган давлат экологик назорати  ва профилактик тадбирларни амалга ошириш ҳамда жамоатчиликнинг сув объектлари бўйича берилаётган шикоятларни ўрганиш мақсадида, жорий йилнинг 29 майидан дарёлар, сойлар, каналлар ва коллекторлар, сув омборларининг қирғоқ бўйи ва сув муҳофаза минтақаларида жойлашган объектларни қайтадан тўлиқ хатловдан ўтказиш, уларга огоҳлантириш бериш, уларда кўрсатилган талабларни бажарилишини таъминламаган жисмоний ва юридик шахсларга нисбатан белгиланган тартибда қонунчиликка мувофиқ тегишли таъсир чораларини кўриш тадбирлари Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармалари томонидан  амалга оширилмоқда.

Амалга оширилган ишлар ҳамда уларнинг натижалари тўғрисида жамоатчиликка қўшимча равишда маълумот бериб борилади. Зеро, табиат объектларининг, жумладан сув объектларининг софлиги — халқимизнинг эртанги куни хавфсизлиги ва хотиржамлиги кафолати.   

 

 

Foydali manbalar