Самарқанд шаҳри Рўдакий кўчасида нима гап?
18.
06. 2020
10:48
5672
Янгиликлар

Яқинда ижтимоий тармоқларининг бирида Самарқанд шаҳри Рўдакий кўчасида тунда йўл четидаги дарахтларни кесиб кетишаётганлиги акс этган видио лавҳа эълон қилинган эди. Мазкур масалага ойдинлик киритиш мақсадида, Самарқанд шаҳар Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекциясининг назорат инспекторлари томонидан суриштирув ўрганиши олиб борилди.

Аниқланган маълумотга кўра, 2020 йил 13 июнь куни тун ярмида Самарқанд шаҳар Рўдакий кўчасида жойлашган хатловга олинган 1 туп 26 см диаметрли арча ва 1 туп 33 см диаметрли тут дарахтини кесиб кетишган.

Самарқанд шаҳар Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекциясининг назорат инспекторлари томонидан олиб борилган суриштируви натижасида аниқланган қонун бузар «MESE YOL» МЧЖ ҳодими Қ.Р.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 79-моддасига асосан, 1 115 000 (бир миллион бир юз ўн беш минг) сўм жарима ҳамда 11 484 500 (ўн бир миллион тўрт юз саксон тўрт минг беш юз) сўм зарар аниқланиб, далолатнома расмийлаштирилди.

Шунингдек, ижтимоий тармоқлар орқали 14 июндан 15 июнга ўтар кечаси «MESE YOL» МЧЖ ҳодими Ҳ.Т. томонидан 1 туб чинор дарахти ноқонуний кесиб кетганлиги аниқланди. қонунбузарга нисбатан қонунда белгиланган талаблар тартиби асосида чоралар кўрилган эди.

«MESE YOL» МЧЖ ҳодими Ҳ.Т.га нисбатан табиатга етказган зарари ва кесилган чинор дарахтининг зарари қопланиб, ўрнига 10 туб қимматбаҳо навли дарахт экиш ва парвариш қилиш вазифаси юклатилганлиги ҳақида маълум қилган эдик.

Аммо, шундан кегин ҳам қонун бузарлар ҳулоса қилиш ўрнига 16.06.2020 йил куни «MESE YOL» МЧЖ иш юритувчиси Э.Ш. томонидан Самарқанд шаҳар Рўдакий кўчасида жойлашган 1 туп 42 см диаметрли чинор дарахти ҳамда 32 см диаметрли тут дарахтини кесиб кетишганлиги ошкор бўлди.

Огоҳлантиришларга қарамай, қонунларни менсимай қилган хатти ҳаракати учун «MESE YOL» МЧЖ иш юритувчиси Э.Ш.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 79-моддасига асосан, 1 115 000 (бир миллион бир юз ўн беш минг) сўм жарима ҳамда 18 174 500 (ўн саккиз миллион бир юз етмиш тўрт минг беш юз) сўм зарар аниқланиб далолатнома расмийлаштирилди.
 

Самарқанд вилоят Экология ва атроф-муҳитни
муҳофаза қилиш бошқармаси Ахборот хизмати

 

 

Давлат экология қўмитаси
Матбуот хизмати

 


 

Фойдали манбалар