Ноёб қўнғир айиқнинг боласи сақлаб қолинди
25.
01. 2023
09:39
3074
Янгиликлар

2023-йилнинг 24-январь куни Сурхондарё вилоятида жойлашган «Узун» давлат ўрмон хўжалиги ҳудудидан ушбу хўжалик ходимлари томонидан ёлғиз юрган бир бош айиқ боласи топилди.

Ўзбекистон Республикасининг Қизил китобига киритилган Тян-шан қўнғир айиқ турига мансуб бўлган ушбу айиқ боласи онаси уйқуга кетишдан олдин адашиб қолгани тахмин қилинмоқда.

Қишнинг ҳозирги совуқ кунларида унинг ёввойи табиатда озуқа тополмай нобуд бўлиши ҳамда браконерлар томонидан овланиши эҳтимоли юқори эканлиги инобатга олиниб, Табиат ресурслари вазирлиги томонидан айиқ боласи ветеринария кўригидан ўтказиш ва вақтинча сақлаб туриш мақсадида Тошкент ҳайвонот боғи қошидаги реабилитация марказига топширилмоқда.

Вазирлик ҳамда Тошкент ҳайвонот боғи мутахассислари баҳор фасли бошида ушбу айиқ боласини «Узун» давлат ўрмон хўжалигидаги табиат бағрига қўйиб юборишни режалаштирмоқда.

Табиат ресурслари вазирлиги ноёб ва йўқ бўлиб кетиш хавфи остида турган қўнғир айиқнинг боласини сақлаб қолишда фаоллик кўрсатган «Узун» давлат ўрмон хўжалиги ходимлари ҳамда Сариосиё тумани Экология бўлими инспекторларига миннатдорлик билдиради.

Табиат ресурслари вазирлиги матбуот хизмати

Фойдали манбалар