“Яшил макон” лойиҳаси халқаро эътирофда
22.
12. 2022
13:32
3418
Янгиликлар

Ҳозирда бутун дунёда кузатилаётган иқлим ўзгариши муаммолари, қайта тикланадиган энергия манбаларига бўлган эҳтиёж, сув танқислиги ҳамда қишлоқ хўжалигида интенсив йўналишлардан кенг фойдаланиш зарурияти халқаро тажрибаларни  ўрганиш вазифасини қўймоқда. Жумладан, АҚШнинг  Ўзбекистондаги элчихонаси, АҚШ  Давлат департаменти қошидаги Хориж матбуот маркази ҳамда Вашингтондаги “Меридиан” халқаро маркази томонидан ўзбекистонлик журналистлар учун Калифорния штатига уюштирилган медиатур ҳам ана шу жиҳатлари билан аҳамиятли бўлди.

Экология, қишлоқ хўжалиги ва сув муаммолари, шамол энергетикасидан самарали фойдаланиш йўналишидаги илғор тажрибаларни ўрганишга қаратилган мазкур «Media Co-op-2022» дастурида “Ўзбекистон 24” телерадиоканали, “Фермер” журнали хамда “Қалампир.уз” сайти ходимлари иштирок этди. 

Медиатур давомида АҚШдаги 20га яқин нодавлат-нотижорат ташкилотлари хамда волонтёрлик гурухлари вакиллари билан учрашдик.  Мулоқотлар жараёнида АҚШда  нодавлат ташкилотлари ва волонтёрлик гуруҳлари томонидан жамоатчилик назоратини ташкил этган ҳолда мавжуд экологик ва ижтимоий муаммоларга маҳаллий ҳукумат эътиборини қаратиш, шу орқали муаммоларни амалий ҳал этиш жараёнлари билан яқиндан танишдик. Айниқса, Калифорния штатидаги сув танқис ҳудудларда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, қишлоқ хўжалигида сувсизликка чидамли экинларни етиштириш, уруғчиликни ривожлантириш ва интенсив навларни яратиш борасида олиб борилаётган ишлар бизда яхши тассурот қолдирди.

—Калифорниянинг иқлим шароити Марказий Осиё давлатлари билан ўхшашлиги, шунингдек, Орол денгизи каби бу ҳудудда хам Солтонси денгиз-кўлининг қуриб бориши, пахтачиликка ихтисослашганлиги мени диққатимни тортди. Шунингдек, экологик муаммолар ҳамда атроф муҳит муҳофазасида жамоатчилик назоратининг ўрни юқори эканлиги ҳам долзарб масалаларни тезкорлик билан ҳал этишга имкон яратаётгани эътиборлидир, — дейди медиатур иштирокчиси бўлган ҳамкасбим, «Қалампир.уз» сайти мухбири Шаҳзод Насруллоев. 

Эътиборлиси шундаки, 10 кунлик медиатур давомидаги учрашувларда хорижий тажрибаларни ўрганиш билан бирга Ўзбекистоннинг бу борадаги саъй-ҳаракатлари ҳақида ҳам  кенг маълумотлар беришга ҳаракат қилдик. Жумладан, Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси, шунингдек, Ўзбекистонда муҳофаза этиладиган ҳудудлар майдонининг оширилиши, Оролбўйида экологик барқарорликни таъминлашга қаратилган лойиҳалар самарадорлиги  мезбонларнинг қизиқишига сабаб бўлди. 

Медиатур давомида шунингдек, экотуризм орқали аҳолининг экологик билим ва маданиятини оширишга хизмат қилувчи масканларга, хусусан, Жошуа Миллий Парки, Ёшлар Обсерваторияси ҳамда Йосемите Миллий Паркига бориб, атроф муҳитни асраш бўйича олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишиб, табиатни ўз ҳолича сақлаш соҳасидаги илғор тажрибалар билан ўртоқлашдик.
–АҚШ Миллий Паркларида табиатни асл ҳолича сақлашга эътибор қаратилиши менда катта таассурот қолдирди. Бу ерда олиб борилаётган ишлар инсонларни флора ва фаунага бўлган муносабатини яхшилашга хизмат қилади, -дейди медиатур иштирокчиси, “Фермер” журнали мухбири Улуғбек Жумаев.

Сан-Франциско шаҳридаги Ўзбеклар жамияти вакиллари билан учрашувимиз ҳам бевосита она табиатни асраш билан боғлиқ ҳолда кечди. Умуман олганда, ушбу медиатур бизга экология ва атроф-муҳит муҳофазаси борасида АҚШда амалга оширилаётган ишларни яқиндан таништириш билан бирга мамлакатимизда бу борада ҳаётга табиқ этилаётган чора-тадбирларни америкалик мутахассисларга етказишимиз учун ҳам кенг имконият яратди.

Абдувоҳид Ачилов,
“Ўзбекистон 24” телерадиоканали муҳаррири

Фойдали манбалар