Давлат экология қўмитаси раиси Н.Обломурадов БМТ Бош котиби ўринбосари, БМТ Европа Иқтисодий комиссияси Ижрочи котиби О.Алгаерованинг таклифига биноан давлат-хусусий шериклик бўйича ишчи гуруҳининг олтинчи йиғилиши очилишида онлайн шаклда иштирок этди.
Йиғилишда БМТ Европа Иқтисодий комиссияси мамлакатлари вакилларига Ўзбекистонда давлат-хусусий шерикчилик моделининг жадал ривожланиши, хусусан, чиқиндиларни бошқариш соҳасида давлат-хусусий шерикчилигини жорий этишда эришилган натижалар ҳақида маълумот берилди.
Таъкидланганидек, ҳозирги кунга қадар хусусий сектор билан аҳолига маиший чиқиндиларни олиб чиқишда давлат-хусусий шерикчилик модели бўйича хизматлар кўрсатиш юзасидан шартномалар тузилиб, бу борада амалий ишлар олиб борилмоқда. Ўзбекистонда давлат-хусусий шерикчилик тизими орқали чиқиндиларни бошқариш соҳасига хусусий секторни жалб этган ҳолда ушбу моделни экотуризм соҳасига кенг жорий этиш ҳам муҳим саналади.
Давлат экология қўмитаси раиси Н. Обломурадов таклиф ва олий даражадаги сессиядаги иштироки учун миннатдорлик билдириб, БМТ Европа Иқтисодий комиссияси билан тегишли соҳаларда ҳамкорликни давом эттиришга тайёр эканлиги, бу борада келгусида ҳамкорликда амалга ошириладиган лойиҳалар юқори самара беришини таъкидлади.
Давлат экология қўмитаси матбуот хизмати