Навоий вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан ташкил қилинган ишчи гуруҳ “Оқтоғ-Томди” давлат қўриқхонасининг Оқтоғ қисмида дастлабки ўрганиш ишларини олиб борди.
07.
03. 2022
10:10
5027
Янгиликлар

Маълумот учун айтадиган бўлсак, 40000 гектар майдонга эга ушбу қўриқхона Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 16 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси тизимида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-131-сон қарори билан ташкил этилган бўлиб,  Томди тумани ҳудудидаги Қизилқум чўлининг жанубий қисмидаги ўзига хос табиий мажмуа ва объектларни, ҳудуддаги экотизимни, шу билан бирга йўқолиб кетиш ҳавфи остида бўлган ноёб ҳайвонлар ва қушларни ҳамда ўсимлик турларини, у ерлардаги ландшафтларни муҳофазага олади. 

Ушбу давлат қўриқхонаси шунингдек, чўлланишнинг ортиб бориши, ҳавонинг қум ва чанг зарралари билан ифлосланиши, иқлимнинг кескин ўзгаришига таъсир кўрсатувчи салбий омилларнинг олди олинишига ҳам шароит яратади.

Мазкур ҳудудда Ўзбекистон Республикаси Қизил Китобига киритилган умуртқали ҳайвонлардан Қизилқум қўйи, жайрон, Туркман қорақулоғи, йўрға тувалоқ каби 30 турдан ортиқ ҳайвон учрайди. Шу жумладан, Табиатни муҳофаза қилиш Халқаро Иттифоқининг Қизил рўйхатига киритилган умуртқали ҳайвонлардан 14 тур учраши тўғрисида илмий маълумотлар мавжуд.

Ушбу ҳудудда Ўзбекистон Республикаси Қизил Китобига киритилган бинафшаранг астрагал, Оқтоғ чалови, сархуш бозулбанг, Оқтоғ мовийгули каби ноёб 10 дан ортиқ турдаги ўсимликлар учраши қайд этилган.

Ўрганиш давомида экология мутахассислари томонидан “Оқтоғ-Томди” давлат қўриқхонаси харитасида кўрсатилган майдон ҳудуди кўздан кечирилиб, ҳудудда қилинадиган ишлар юзасидан тегишли мутахассислар билан келишиб олинди.

Келгусида ўрганиш ишлари давом эттирилади.


Давлат экология қўмитаси
Матбуот хизмати

Фойдали манбалар