2021 йил 24 август куни Давлат экология қўмитаси ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг ОАВ вакиллари иштирокида «Қурилиш учун шағал ва қум олишнинг ижтимоий-экологик муаммолари ҳамда уларни ҳал қилиш йўллари» мавзусида кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.
Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат органлари ҳузурида жамоатчилик кенгашлари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳузурида Жамоатчилик кенгаши ташкил этилган (2018 йил 30 июль).
Йиғилишда Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар вазирликлари, Давлат қўмиталари вакиллари иштирок этдилар.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда экологик вазиятни яхшилашга, шу жумладан, сув объектларини муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, шунингдек, тошқин ва сел ҳодисаларида фавқулодда ҳолатларнинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу билан бирга, дарёлар ўзанлари ва сувни муҳофаза қилиш зоналари, кўллар, сув омборлари, каналлар, коллекторлар ва бошқа сув объектларини тозалаш, шунингдек, уларнинг қирғоқларини мустаҳкамлаш ишларини амалга оширишда қум-шағал материалларини рухсатсиз қазиб олиш ва қонунбузилиш ҳолатлари кузатилмоқда.
Таъкидланганидек, «Хавфсиз дарё» ДУК билан ҳамкрликда тадбиркорларга берилган участкалар ўрганилганда, қуйидаги камчиликлар аниқланмоқда: ноқонуний равишда қум-шағал қазиб олиш ҳолатлари, ўзан тозалаш ва кирғокларни мустаҳкамлаш шартларига риоя қилмаслик, белгиланмаган жойлардан қум-шағал қазиб олиш, келишилган параметрлардан четлашиш, чегараларни кўрсатувчи белгилар ва баландлик реперлари ўрнатилмаганлиги, техникалар учун махсус майдончалар ташкил қилинмаганлиги, техникалар ҳаракати натижасида сувнинг ифлослантирилиши каби ҳолатлар мавжуд.
Чирчиқ дарёсида ўзан тозалаш ишлари эни 80-100 м ва 1-1,5 м баландликда рухсат этилган бўлсада, аксинча 120-200 м ва 2-3 м ва ундан кўп қазилган ҳолатлар аниқланган.
Ўтган йили ўтказилган назорат тадбирларида, республика бўйича 128 та дарё ўзанларини тозалаш ва қирғоқларни мустаҳкамлаш ишлари олиб борувчи 105 та лицензияга эга қум-шағал конларини ўзлаштирувчи ва 311 та тош майдалаш ва саралаш корхоналари ўрганилди ва ўрганилган жами 544 та корхоналарнинг жами 170 та атроф муҳит қонун бузилиш ҳолатлари аникланди.
Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 70 пр. 1-моддасига мувофиқ 180 нафар шахс жами 1,22 млрд сўмлик жаримага тортилган, шу жумладан 16 нафар мансабдор шахс 88,1 млн сўмлик жаримага тортилган. Аниқланган қонунбузилиш ҳолатларнинг 70% оқоваларни сув ҳавзасига рухсатсиз оқизиш, 20% ноқонуний қум-шағал қазиш ва 5% муҳофаза ҳудудга чиқиндиларни жойлаштириш билан боғлик бўлган.
Жорий йилда ҳам «Хавфсиз дарё» ДУК, Кон-геология фаолиятини назорат килиш инспекцияси, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси ва бошқа ташкилотлар билан биргаликда график асосида, замонавий технология қўллаган ҳолда (дронлар воситасида) қўшма назорат тадбирлари амалга оширилмоқда. Жами 152 та хўжалик юритувчи субъектлар фаолияти ўрганилди. Жисмоний шахслар томонидан 106 та ноқонуний қум шағал материаллари қазиб олиш ҳолатлари аниқланди ва ҳуқуқбузарларга нисбатан 446,0 млн сум маъмурий жарималар қўлланилди.
Давлат экология қўмитаси
Матбуот хизмати