Манфаатлар мувозанати ва атроф-муҳит муҳофазаси
12.
05. 2021
21:19
7802
Янгиликлар

Иқтисодиёт тармоқларининг жадал тараққиёти даврида экологик омилларни инобатга олишнинг долзарб жиҳатлари хусусида

Ҳар бир халқ эртанги кунини янада порлоқ кўриш, фаровон турмуш учун муносиб шароит яратишга интилади. Келажак авлод олдидаги улкан масъулият эса бу борадаги интилишларнинг устувор йўналишларини табиий талаб тарзида кун тартибига қўяди.

Президентимизнинг бевосита ташаббуси билан ишлаб чиқилган ва бугун ижобий натижаси яққол кўринаётган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси босқичма-босқич, тадрижийлик тамойилига қатъий риоя этган ҳолда амалга оширилаётгани ана шу ҳаётий ҳақиқатнинг ёрқин далилидир. Буни нуфузли экспертлар ҳам эътироф этади. Уларнинг фикрича, янги Ўзбекистондаги янги ислоҳотлар том маънода изчиллик ва уйғунлик пойдеворига қурилган.

Ҳудудларни комплекс ривожлантиришга катта эътибор берилаётгани назарда тутилаётган уйғунликнинг дастлабки омили бўлса, ҳар қандай ҳолатда атроф-муҳитга зарар келтирмаслик шарти мавжудлиги, экологлар хулосалари билан ҳисоблашиш қонуний мажбурият экани ушбу тамойилнинг янада муҳим жиҳатидир. Бошқача айтганда, эндиликда Ўзбекистон гигант саноат корхоналари фаолиятида ҳам, мисли кўрилмаган қурилиш лар жараёнида ҳам экологик омиллар доимий равишда инобатга олинадиган мамлакатлар қаторига қўшилди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 12 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида атроф табиий муҳитни муҳофаза қилишнинг иқтисодий механизмларини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳиятида ҳам экология соҳасидаги ислоҳотлар изчиллиги мужассамдир.

Мазкур қарор билан тасдиқланган Ўзбекис тон Республикаси ҳудудида атроф табиий муҳит ифлослантирилганлиги ва чиқиндилар жойлаштирилганлиги учун компенсация тўловларини қўллаш тартиби тўғрисидаги низом талаблари 2021 йил 15 июлдан бошлаб кучга киради.

Таъкидлаш жоизки, сув объектлари, жой рельефи ва коммунал-канализация тармоқларига ифлослантирувчи моддаларни ташлаганлик, чиқиндилар жойлаштириш учун белгиланган компенсациянинг базавий ставкалари аввалги кўрсаткичлардан деярли ўзгаришсиз қолдирилди. Асосий ўзгаришлар атмосфера ҳавосини ифлослантиришнинг олдини олишга қаратилгани билан долзарбдир. Чунки халқаро миқёсдаги таҳлилчиларнинг ўрганишларига кўра, ҳозир дунёда ҳар ўн кишидан тўққиз нафари муайян даражада ифлосланган ҳаводан нафас олмоқда. Ишлаб чиқариш корхоналари, автомобилларнинг кўпайиши билан атмосферага чиқарилаётган зарарли моддалар миқдори ҳам ошаётганидан кўз юмиб бўлмайди.

Кўчаларимизни тўлдириб юрган қарийб уч миллионга яқин автомототранспорт воситаси тоза ҳавога зиён етказувчи кўчма ифлослантирувчи манба эканини унутмаслик жоиз. Шунинг учун ҳам ҳукумат қарори билан атмосферага ташланмалар учун тўлов миқдори сезиларли равишда оширилди. Асосий мақсад саноат корхоналарини илғор фильтрлаш тизимига ўтишга ундашдан иборат.

Амалда бўлган тартиб ва эндиги талабнинг аҳамиятли фарқини битта йирик корхона мисолида тушунтириш ўринлидир. Масалан, олдин белгиланган базавий тариф бўйича тоғ-металлургия тармоғида фаолият кўрсатаётган комбинатлардан бирининг йиллик компенсация тўлови ўртача 313 миллион сўмни ташкил қиларди. Янги ставкалар бў йича ҳисобланганда эса бу кўрсаткич 1 миллиард 74 миллион сўмга етиши кутилмоқда.

Атмосферага чиқарилаётган ифлослантирувчи моддаларни имкон даражасида кўпроқ ушлаб қолувчи инновацион ускуналар нархи эса бу миқдордан анча кам. Ишлаб чиқариш соҳасида иқтисодий жиҳатдан фойда ва зиённинг тафовутини яхши англайдиган мутасаддилар, замонавий бошқарув менежерлари компенсация тўлагандан кўра, чанг-газларни тозалаш ускуналарини ўрнатиш афзаллигини яхши тушунади. Яна бир эътиборли жиҳати, компенсация тўлови ҳар йили амалга оширилиши бўлса, тозаловчи ускунадан сифатига қараб 2 йилдан 5 йилгача бемалол фойдаланиш мумкин. Қарабсизки, тежалган маблағ ҳам шу пропорцияда кўпаяди.

Ундан ҳам муҳими, корхона ифлослантирувчи моддалар миқдорини камайтириш орқали атроф-муҳит тозалиги, хусусан, инсон саломатлигини яхшилашга, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини асраб қолишга кўмаклашади.

Янги қарор меъёрларига асосан амалга ошириладиган вазифалар орқали қачон ва қандай натижага эришилади, деган савол туғилиши табиий. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобига кўра, белгиланган чора-тадбирларни вақтида сифатли бажариш орқали 2030 йилгача атмосферага зарарли моддалар чиқарилиши 10 фоиз камайишига эришилади.

Оддий савол туғилади: саноат корхоналари ҳам, узоқни яқин қиладиган уловлар ҳам барчамизга зарур даврда атмосфера ҳавоси ифлосланишини пасайтириш учун яна нималар қилиш мумкин? Бу борада энг самарали тадбир кўкаламзорлаштириш миқёсини янада кенгайтириш, автомобиль йўллари четида, саноат зоналари ва йирик шаҳарлар атрофида табиий фильтрлар — “яшил майдон”лар барпо этишни жадаллаштиришдир.

Президентимизнинг айни пайтда атрофлича муҳокамадан ўтаётган “Шаҳар ва аҳоли пунктлари атрофларида “яшил майдон”ларни кенгайтириш, уларнинг табиий-рекреацион ва иқтисодий салоҳиятини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ло йиҳаси ана шу мақсадда ишлаб чиқилган.

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва манфаатдор вазирликлар томонидан киритилган мазкур ҳужжат қабул қилиниши билан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида “яшил майдон”лар ташкил этишга киришилади. Шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктлари, хиёбонлар, автомобиль ва темир йўллар четлари, ижтимоий объектлар, ташкилотлар ҳудудини янада кўкаламзорлаштириш мақсадида давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарни экиш, парвариш қилиш кўламини ошириш тартиби такомиллаштирилади.

Қарор лойиҳасига мувофиқ, ўз мажбуриятлари юзасидан юридик ва жисмоний шахслар компенсация тарзида дарахтларни “яшил майдон”ларга ўзлари ёки шартнома асосида учинчи шахсларни жалб қилган ҳолда ўтқазади. “Яшил майдон”ларга экиладиган дарахтлар Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси балансида бўлиши, муайян муддат ўтгандан сўнг ўрнатилган тартибда Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасига берилиши режалаштирилган. Алоҳида эътиборга молик жиҳати шундаки, “яшил майдон”ларни ташкил этиш, сақлаш ва ривожлантириш тадбирларини молиялаштириш ҳар йили тасдиқланадиган давлат дастури асосида амалга оширилиши назарда тутиляпти.

Иқтисодиёт тармоқларининг жадал тараққиёти даврида ишлаб чиқариш соҳаларига экологик тоза, энергия ва ресурс тежовчи технологияларни кенг жорий этиш, транспорт тизимида ҳавони ифлослантирмайдиган сифатли ёқилғилардан фойдаланишга ўтиш ҳам атмосферани асрашнинг муҳим омилларидандир.

Атроф-муҳитнинг бугунги кундаги ҳолати, мавжуд глобал таҳдидлар ва минтақавий экологик муаммоларга оқилона ечим топишда янгича ёндашувни талаб этмоқда. Чунончи, БМТнинг 2030 йилгача бўлган давр учун Барқарор ривожланиш мақсадларини самарали амалга оширишда иқтисодий ўсиш, ижтимоий тараққиёт ва атроф-муҳит муҳофазаси омиллари муҳим ўрин тутади.

БМТнинг Биологик хилма-хилликни сақлаш конвенцияси талабларини бажариш, ноёб, йўқолиб кетиш хавфи остидаги флора ва фауна турларини сақлаш чораларини кўриш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бири бўлиб қолмоқда.

Ўзбекистон Республикасида биологик хилма-хилликни сақлаш стратегияси узоқ муддатга мўлжалланган бўлиб, унда флора ва фауна турларини асрашни барқарорлаштириш, биологик хилма-хилликка тўғридан-тўғри бўладиган (таъсирлар) юкламаларни камайтириш, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тизимини ривожлантириш, экотизим хизматларини таъминлаган ҳолда фойда миқдорини ошириш ва бошқалар кўзда тутилган.

Мазкур стратегия доирасида Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига асосан, умумий майдони 1,4 миллион гектар бўлган Жанубий Устюрт миллий табиат боғи ташкил қилиниб, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар майдони ҳозирга келиб 2017 йилдаги 4,64 фоиздан 7,8 фоизга ортди. Таъкидлаш жоизки, 2021 йил февраль ойида Судочье-Акпетки давлат буюртма қўриқхонаси ташкил этилиши билан муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг умумий майдони республика ҳудудининг 8,5 фоизига етди. Ўз навбатида, Сайгачий мажмуа (ландшафт) буюртма қўриқхонаси ва янги ташкил этилган Жанубий Устюрт миллий табиат боғини Жаҳон табиий мерос рўйхатига киритиш учун ишлар олиб борилмоқда.

Ушбу тадбирларни амалга ошириш ҳисобига ноёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган, Ўзбекистон Республикаси “Қизил китоби”га киритилган ўсимлик дунёси объектларининг 97 фоизини ва умуртқали ҳайвон турларининг 94 фоизини муҳофаза қилиш имконияти пайдо бўлади.

Бундан ташқари, Тўдакўл ва Қуйимозор сув омборлари халқаро аҳамиятга эга учинчи сув-ботқоқлик ҳудуди сифатида Рамсар конвенциясининг рўйхатига киритилди. Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар майдонини кенгайтириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг ҳудудларида экотуризмни ривожлантириш тадбирини бажариш доирасидаги ишлар давом эттирилмоқда.

Тадқиқотчи-олимлар ҳисоб-китобича, табиий шароитда дарахтлар 400 йилгача яшаса, йирик шаҳарлар хиёбонларида бу кўрсаткич 120 йилга тушиб қолади. Саноат зоналари ва катта йўллар атрофида эса дарахтлар 50 йилдан кўп яшамайди. Боиси, ўша ҳудуддаги заҳарли моддаларни ўзига ютиб, атмосферага тоза ҳаво чиқаради — манфаатлар мувозанатини таъминлайди. Ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарнинг қимматбаҳо навлари кесилишига жорий этилган мораторийнинг амал қилиш муддати 2021 йил 31 декабрга қадар узайтирилишига айни призма орқали қараш асл ҳақиқатни англашга кўмаклашади.

Бугун ҳар бир соҳа ислоҳот талаб қилмоқда. Шундай экан, мақоламиз аввалида айтганимиз, юртимиз келажаги, фаровон ҳаётимиз таъминоти йўлидаги ҳар бир эзгу ташаббус қадрли ва ғоят долзарб. Шу маънода, мамлакатимизда соф экологик муҳитни асраб-авайлашга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар ҳар биримизни огоҳликка чорлаши билан бирга келажак авлодлар олдидаги бурчимизни англашга ундаши билан ҳам аҳамиятлидир.


Алишер МАҚСУДОВ,
Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза
қилиш давлат қўмитаси раиси


Манба: Янги Ўзбекистон № 95 (351), 2021 йил 11 май (1-бет)

 


 

Фойдали манбалар