Республикада ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига мораторий жорий қилинишига, профилактика тадбирларининг олиб борилишига қарамасдан ҳудудларда дарахтларнинг ноқонуний кесилиш холатлари давом этмоқда.
Ижтимоий тармоқларда мазкур масалага бағишланган постларда ваколатли давлат органлари томонидан тегишли чора-тадбирларнинг қабул қилинмаётганлиги таъкидланмоқда. Аслида Давлат экология қўмитаси тизимида ижтимоий тармоқларда соҳага оид барча хабарларнинг мониторинги олиб борилиб, тезкор чоралар ўз вақтида кўрилмоқда. Унутмаслик лозимки, ўрганиш, ҳужжатларни расмийлаштириш ишлари кун, баъзан ҳуқуқбузар воқеа жойида бўлмаган тақдирда эса видеокамераларни кўриш, шахсни аниқлаш билан боғлиқ ҳолатларда бир неча кунларни талаб қилиши мумкин.
Жорий йилнинг 7 январь куни Тошкент шаҳар экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон давлат мусиқали комедия (оперетта) театри олд томонида кесилаётган дарахтлар юзасидан жойлаштирилган хабарга мувофиқ бошқарма инспекторлари баён этилган ҳудуд - Чилонзор тумани, Чўпон ота кўчаси «Ц» мавзесига чиқиб, ҳолатни жойида ўрганиб чиқдилар.
Ўрганиш натижасида кўрсатиб ўтилган манзилда 1 дона чинор фуқаро Ф.Х.З. томонидан тегишли рухсатномасиз ноқонуний кесилганлиги аниқланди. Бу билан Ўзбекистон Республикасининг «Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида» ги қонунининг (янги таҳрири) 37-моддаси қўпол равишда бузилган.
Ҳуқуқбузарликни содир этган фуқарога нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКодекснинг тегишли моддасига асосан 1 115 000 сўм жарима солинди.
Шу билан бирга Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 январдаги 43-сон қарорига мувофиқ ўсимлик дунёсига етказилган зарар жами 38 891 200 сўмни ташкил этди. Етказилган зарарни ундириш учун инспекторлар томонидан ҳужжатлар ўрнатилган тартибда расмийлаштирилди.
Ҳурматли фуқаролар ҳамда жамоат ташкилотлари вакиллари! Агар Сиз дарахт кесилиши билан боғлиқ ҳолатларнинг гувоҳи бўлсангиз, дарҳол Қўмита ишонч телефонига — (+998) 70 236-26-66; (+998) 71 207-11-07 ёҳуд Давлат экология қўмитаси Ахборот хизматига — (+998) 71 207-07-70 (ички 5555#, 1034#, 1029#) қўнғироқ қилиб ҳолатни маълум қилишингиз мумкин.
Давлат экология қўмитаси
Ахборот хизмати