ОАВ вакиллари учун брифинг
12.
07. 2019
18:50
7774
Янгиликлар

2019 йил 11 июль куни Давлат экология қўмитаси Ўзбекистон Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги билан ҳамкорликда ОАВ вакиллари учун 2019-2028 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасида қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш стратегиясини амалга ошириш масалаларига бағишланган брифинг ташкил этдилар.

Тадбирда таъкидланганидек, мамлакатимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилишни таъминлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, шунингдек, ҳудудларнинг санитария ва экологик ҳолатини яхшилаш соҳасида изчил сиёсат амалга оширилмоқда.

Бугунги кунда республикамизда йилига ўртача 123,1 млн. тонна чиқинди ҳосил бўлиб, бу чиқиндиларнинг 8,4 млн. тоннаси маиший чиқиндиларни ташкил этади. Маиший чиқиндиларнинг 7 млн. тоннаси аҳолидан қолган 1,4 млн. тоннаси юридик шахслардан ҳосил бўлади.

Ҳосил бўлаётган қаттиқ маиший чиқиндиларнинг асосий таркибини:

– қайта ишланмайдиган чиқиндилар – 32 %;
– озиқ-овқат чиқиндилари – 28 %;
– ўсимлик қолдиқлари – 13 %;
– полимер чиқиндилар – 8 %;
– шиша чиқиндилар – 5 %;
– ва бошқа чиқиндилар ташкил этади.

Ҳосил бўладиган маиший чиқиндиларнинг 1,3 млн. тоннаси, яъни 19 % республикамизда фаолият юритаётган 219 нафар чиқиндиларни қайта ишлаш корхоналари томонидан қайта ишланмоқда. Булардан:

– металл парчалари йилига 220 минг тн.,
– қоғоз чиқиндилар 90 минг тн.,
– ПЭТ чиқиндилар 35 минг тн.,
– шиша чиқиндилар 12 минг тн.,
– текстил чиқиндилар 7 минг тн. ва
240 минг тн. бошқа чиқиндилар қайта ишланмоқда.

Бугунги кунда республика худудида аҳолига 13-та “Тоза ҳудуд” ДУК, 108-та хусусий тадбиркорлик субъектлари (Тошкент шаҳрида 44-та ва вилоятларда 64-та хусусий тадбиркорлик субъектлари) ҳамда 9-та кластерлар ва Тошкент шаҳрида “Махсустранс” ДУК томонидан санитар тозалаш соҳасида хизматлар кўрсатилиб келинмоқда.
 

Республикадаги санитар тозалашга ихтисослашган корхоналар

Жами 123 та мавжуд бўлиб, уларда 3.172 та махсус техникалар мавжуд. Шундан 14 та давлат унитар корхоналари ва уларнинг 183 та филиаллари, уларда 2.369 та махсус техникалар мавжуд. 9 та кластерлар, уларда 407 та махсус техникалар мавжуд. 100 та хусусий корхоналар, уларда 396 та махсус техникалар мавжуд.

Ушбу корхоналар республикамиз аҳолисини санитар тозалаш хизматлари билан 48 % (яъни 32 млн. аҳолининг 15,4 млн. нафари) қамраб олинган. Ушбу кўрсаткич 2016 йилда 6%ни, 2017 йилда 38%ни ташкил этган бўлиб, давлат дастурлари асосида ҳарид қилинадиган техникалар ҳисобига 2021 йилда соҳада хизмат кўрсатиш 100%га эришилади.

Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан маиший чиқиндиларни бошқариш, аҳолига санитар тозалаш соҳасидаги хизматлар қамровини кенгайтириш ва сифатини ошириш борасида амалий тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу борадаги меъёрий-хуқуқий ҳужжатлар базасини мустаҳкамлаш мақсадида тегишли қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди.

Қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш, ташиш утилизация қилиш, қайта ишлаш ва кўмиш бўйича самарали ҳамда ижтимоий мақбул комплексли хизматларни яратиш, уларнинг фуқаролар соғлиғи ва атроф муҳитга зарарли тасирини бартараф қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 апрелдаги  ПҚ-4291-сон қарори билан 2019-2028 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасида қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш стратегияси тасдиқланди.

Стартегиянинг асосий вазифалари қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар билан аҳолини тўлиқ қамраб олинишини таъминлашга йўналтирилган санитар тозалаш инфраструктурасини ривожлантириш, чиқиндиларни қайта ишлашнинг самарали ҳамда замонавий тизимини яратиш, полигонларга юбориладиган чиқиндиларнинг ҳосил бўлиш ҳажмини қисқартириш ҳамда халқаро талабларга мос келадиган замонавий полигонларни ташкил этиш, шунингдек, мавжуд полигонларни ёпиш ҳамда рекультивация қилиш бўйича зарур чора-тадбирларни қабул қилиш, санитар тозалаш соҳасида тўлов интизомини яхшилаш, таърифларни оптималлаштириш, чиқинди объектларидан муқобил энергия манбалари сифатида фойдаланишдир.

Таъкидланганидек, Стратегия икки босқичда амалга оширилади:

биринчи босқич (2019 – 2021 йиллар) – қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги қонунчилик базасини ва иқтисодий тартиботлар механизмларини такомиллаштириш, чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматларнинг самарали ташкиллаштирилишини таъминлаш мақсадида  санитария жиҳатидан тозалашнинг модий техник базасини ва инфратузилмасини ривожлантириш, тўлов интизомини мустахкамлаш, чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида экологик таълим тизимини ривожлантириш учун методик ва ахборот таъминотини яратиш;

иккинчи босқич (2022 – 2028 йиллар) – қаттиқ маиший чиқиндиларни саралаб йиғиш бўйича инфратузилмани ривожлантириш, полигонларни оптималлаштириш, қайта юклаш станциялари ва чиқиндиларни қайта ишлаш объектларини қуришга  йўналтирилган инвестицияларни ўзлаштириш.

Белгиланган даврга келиб аҳолининг 100 фоизи санитар тозалаш хизматлари билан қамраб олинади, чиқиндиларни қайта ишлаш даражаси 60 фоизга етказилади.

Тадбирда таъкидланганидек, бугунги кунга келиб мамлакатмизда чиқиндиларнинг ҳосил бўлиш ҳажмини камайтириш, санитар тозалаш хизматлари сифатини ошириш, уларни алоҳида саралаш ва транспортировкасини ташкил этиш, иккиламчи ресурслардан максимал фойдаланишга қаратилган чиқиндиларни комплекс бошқариш тизимини татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
 

 

 

 

 

 

 

 

Фойдали манбалар