Тошкент шаҳар А.Навоий кўчасида (Туркистон санъат саройи олди томони) 2019 йил 25 июн куни соат 23.30 содир этилган дарахт кесилиши ҳолати юзасидан – МАЪЛУМОТНОМА
27.
06. 2019
16:39
6446
Янгиликлар

Давлат экология қўмитасининг Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан жорий йилда ўтказилаётган дарахтлар хатловига асосан А.Навоий кўчасининг Туркистон санъат саройи олд томонида жами 52 дона йирик дарахтлар (17 дона терак, 12 дона чинор, 19 дона эман ва бошқа дарахтлар) мавжуд.

Жорий йил 25 июнь куни кеч соат 23.30 чамасида ушбу ҳудудда умумий диаметри 71,6 см бўлган терак дарахти Тошкент шаҳар ҳокимлиги Ободонлаштириш бош бошқармаси Ирригация хўжалигини ва кўкаламзорлаштириш объектларини таъмирлашга ихтисослаштирилган бошқармаси томонидан кесилган эди.

Давлат экология қўмитаси томонидан мазкур ҳолат қонунчилик меъёрлари ҳамда “Тошкент ботаника боғи” мутахассисларининг илмий хулосалари асосида ўрганиб чиқилди.

Ҳусусан, Ирригация хўжалигини ва кўкаламзорлаштириш объектларини таъмирлашга ихтисослаштирилган бошқармаси томонидан 29.05.2019 йилда Давлат хизматлари маркази орқали А.Навоий ва А.Темур кўчаларида жами 20 дона дарахтларни санитар мақсадида кесиш тўғрисида мурожати йўлланган.

Ушбу мурожат юзасидан Тошкент шаҳар экология бошқармаси 9 дона дарахтлар (5 дона терак, 1 дона чинор, 1 дона сафора, 2 дона арча) табиий омиллар таъсирида зарарланиб, қуриш ҳолатига келганлиги сабабли, аҳоли саломатлиги ва унинг мол-мулки хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 31.03.2018 йилдаги 255-сон қарори талабларига мувофиқ туман ҳокимиятининг рухсатномаси олингандан сўнг кесиш мумкинлиги, қолган 11 дона терак дарахтларини кесиш ўрнига буталаш тўғрисида 04.06.2019 йилдаги 884-сонли хулоса расмийлаштирган ва шу куннинг ўзида Давлат хизматлари марказига белгиланган тартибда юборган.

“Тошкент ботаника боғи” мутахассисларининг илмий хулосаларига асосан 25 июнь куни кесилган ушбу терак дарахти ўзининг яшаш даври давомийлигини ўтаб бўлганлиги, қуриш жараёнида эканлиги, тана қисми касаллик ва зараркунандалар билан зарарланганлиги, дарахтнинг ўзак қисми емирилиш жараёнида эканлиги аниқланди.

Бироқ, Ирригация хўжалигини ва кўкаламзорлаштириш объектларини таъмирлашга ихтисослаштирилган бошқармаси томонидан ушбу дарахтни кесиш бўйича Тошкент шаҳар экология бошқармасининг 04.06.2019 йилдаги тегишли хулосасига эга бўлсада, Юнусобод тумани ҳокимиятининг рухсатномаси йўқлиги, бу билан Вазирлар Маҳкамасининг 31.03.2018 йилдаги “Табиатдан фойдаланиш соҳасида давлат хизматлари кўрсатишнинг айрим маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида” 255-сон қарори талаблари бузилганлиги аниқланди.


Давлат экология қўмитаси томонидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан прокуратура органлари томонидан суриштирув ва ўрганиш ишлари олиб борилмоқда ҳамда унинг натижаси бўйича ушбу дарахт кесилиши ҳолати юзасидан ҳуқуқий баҳо берилади.


 

 

Фойдали манбалар