Хоразм миллий табиат боғи
06.
04. 2020
14:16
6603
Новости

Сўнгги йилларда республикада ўзига хос, ноёб, қимматли табиий объектларни ва мажмуаларни, ўсимликларнинг ва ҳайвонларнинг ирсий фондини сақлаб қолиш, инсон фаолиятининг табиатга бўлган салбий таъсирини олдини олиш, шунингдек, табиий жараёнларни ўрганиш, атроф табиий муҳит мониторингини олиб бориш, экологик таълим ва тарбияни такомиллаштириш мақсадида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тизимини яратиш бўйича комплекс чора-тадбирлар изчил амалга оширилмоқда.

Хусусан, Амударё дельтасида табиий тўқай ресурсларини муҳофаза қилиш, уларни қайта тиклаш ҳамда Хоразм вилоятидаги чўл экотизимларини сақлаш ва вилоятда экотуризмни янада ривожлантириш мақсадида Хоразм вилоятининг Урганч, Хонқа, Хива, Янгибозор ва Ҳазорасп туманлари ҳудудларида давлат табиатни муҳофаза қилиш муассасаси шаклида умумий майдони 21 687,5 гектар бўлган Хоразм миллий табиат боғи ташкил этилди.

Ушбу миллий боғ Хоразмда «Қизил китоб»га киритилган ёввойи ҳайвонлар, қушлар ҳамда ноёб доривор ўсимликларни сақлаб қолиш, шунингдек қайта кўпайтириш  ва вилоятнинг экотуризм салоҳиятини кучайтириш, келажак авлодга она табиатни софлигича қолдириш мақсадида ташкил қилинди.

Янгибозор туманидаги Амударё соҳилида ноёб ва йўқолиб кетаётган ҳайвон ва қушларни асраш ва кўпайтириш бўйича питомник ташкил қилиниб, унинг ҳудудидан 3,5 гектар табиий тўқайзор темир панжара билан ўралди. Бу ерда Бухоро буғуси, Жайрон ва бошқа ноёб ҳайвонларни сунъий равишда кўпайтириш режалаштирилган. Илмий тадқиқот ишларини олиб бориш учун моддий – техника базаси ташкил қилинди. Ушбу питомникда чет эл грантлари ва олимларни жалб қилган ҳолда табиатни муҳофаза қилиш соҳасида илмий ишларни олиб боришга шароит яратилади. Питомник биносида 50 кишига мўлжалланган ўқув семинар зали, лаборатория хонаси, ошхона  ва бошқа хоналар мавжуд.

Мазкур миллий боғ, келгусида албатта чет эллик сайёҳларнинг эътиборини қозониб, мамлакатимизга туристлар оқимининг йил сайин кўпайишида муҳим аҳамият касб этади.




 

 

Давлат экология қўмитаси
Ахборот хизмати

 


Полезные ресурсы