Фракция йиғилишлари. Дарахтларнинг кесилишини жарималарни ошириш билан тўхтатиб бўладими?
15.
09. 2020
08:33
5898
Янгиликлар

Ўзбекистон Конституциясининг 55-моддасида ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий захиралар умуммиллий бойлик ҳисобланиб, давлат муҳофазасида экани белгиланган бўлса-да, биргина кўзимиз кўриб турган яшил дарахтларни ноқонуний кесиш ҳолатларини умуман тўхтатиб бўлмаяпти. Жавобгарлик чоралари қанчалик кучайтирилмасин, 2019 йилда республика бўйича 3 996 та дарахт кесилиб, 7,3 млрд сўм зарар етказилган бўлса, 2020 йилнинг 1 май ҳолатига, яъни тўрт ой ичида бу кўрсаткич 4 758 тани ташкил қилган.

Хўш, жаримани янада кучайтириш билан бу ҳолатига чек қўйиб бўлармикан?

Бугун Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси йиғилиши кун тартибига киритилган «Ўсимлик дунёси объектларини муҳофаза қилишни такомиллаштириш муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонунларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси кўплаб баҳс-мунозарага сабаб бўлди.

Маълумотларга қараганда, уруш ва зўравонликлар, касаллик, очарчилик ва табиий офатлардан кўра, атроф-муҳит, сув ва ҳаво ифлосланишидан кўпроқ одам нобуд бўларкан. Жумладан, ҳаво ифлосланишдан ўлим сони чекиш сабаб юз берадиган ўлим миқдоридан 1,5 баробар, ОИТС, сил ва безгакдан 3 марта, уруш ва зўравонликлардан эса 15 бараварга юқори экан.

Муҳокама қилинган ушбу қонун лойиҳасини янги тартибда ишлаб чиқишдан мақсад, экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида жиноят ва маъмурий жавобгарликнинг янги механизмларини жорий этиш орқали ўсимлик дунёси, хусусан, дарахт, буталар ва бошқа ўсимликларни ноқонуний кесиш, шикастлантириш ёки кўчириб ўтказиш учун жиноий ва маъмурий жавобгарликни кучайтиришдан иборатдир.

Лойиҳада Ўзбeкистон Рeспубликaсининг Жиноят кодeкси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига давлат экологик назоратини амалга ошириш, шунингдек, жисмоний ёки мансабдор шахсларнинг экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларининг бузилишини бартараф этишда жавобгарлик доирасини кенгайтириш ва кучайтириш белгиланмоқда. Хусусан, Жиноят кодексининг 198-моддаси бўйича биринчи қисмининг санкцияси «эллик бараваригача» сўзлари «эллик бараваридан юз бараваригача», иккинчи қисмининг санкцияси «эллик бараваридан етмиш беш бараваригача» сўзлари «юз бараваридан юз эллик бараваригача», учинчи қисмининг санкцияси эса «етмиш беш бараваридан юз бараваригача» сўзлари «юз эллик бараваридан икки юз бараваригача» сўзлари билан алмаштирилиши белгиланиб, жавобгарлик чоралари икки бараварга кучайтирилмоқда.

Йиғилишда таъкидланганидек, Россияда ноқонуний равишда дарахтларни кесганлик учун беш минг рублдан беш миллион рублгача жаримага тортилади. Белорусда эса жисмоний шахсга эллик базавий миқдорда жарима солиниши белгиланган. Якка тартибдаги тадбиркор учун ўндан икки юзгача ва юридик шахслар учун йигирмадан уч юзгача базавий ҳисоблаш миқдорида жарима солинади.

Фракция йиғилишида «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси ҳам атрофлича муҳокама қилинди.

Маълумки, кучли фуқаролик жамиятига асосланган давлатда инсон ҳуқуқлари, жумладан, эътиқод эркинлиги ҳуқуқи ҳам кафолатланган бўлиши лозим. Чунки давлат тараққиёти ва халқ фаровонлиги нафақат иқтисодий ва сиёсий, балки маънавий ҳамда диний омилларга ҳам бевосита боғлиқдир. Шу маънода, бугун Ўзбекистонда 130 дан зиёд турли миллат ва элат ҳамда конфессия вакиллари ўзаро тинч-тотув яшаб, ўз диний ибодати, расм-русумларини эмин-эркин бажариб келмоқда ва бунинг учун зарур шарт-шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Сўзга чиққан депутатлар қайд этганидек, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши – ушбу соҳадаги ҳуқуқий асосларни янада мустаҳкамлаш ва такомиллаштириш нуқтаи назаридан муҳим аҳамияга эга ҳисобланади. Лойиҳани ишлаб чиқишда қўшни давлатлар, яқин ва узоқ хориждаги диний вазият, шунингдек, халқимизнинг кўп асрлик тарихи, маданий-тарихий анъана ва қадриятлари, қолаверса, халқаро меъёрлар ва талаблар, хусусан, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт ҳамда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг умумий тартибдаги шарҳлари инобатга олинган.

Фракция аъзолари партия мақсад ва вазифларидан келиб чиққан ҳолда ушбу қонун лойиҳаси бўйича таклифлар бериб, фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Йиғилишда кун тартибига киритилган бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди ва фракция қарорлари қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси

Манба: http://parliament.gov.uz/uz/events/fractions/31960/

 

 

Давлат экология қўмитаси
Матбуот хизмати

 


 

Фойдали манбалар