15-16 август кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилган рейд якунлари
18.
08. 2020
13:18
6055
Янгиликлар

Давлат экология қўмитасига, хусусан ижтимоий тармоқлар орқали келиб тушаётган долзарб муаммоли масалалар, хусусан ноқонуний дарахт кесилиши, браконьерликка қарши кураш, ноқонуний чиқиндихоналарнинг юзага келиши билан боғлиқ кўплаб мурожаатларни вақтида ўрганиш мақсадида 15-16 август кунлари махсус ишчи гуруҳ Тошкент шаҳрининг 9 та туманида (Чилонзор, Учтепа, Сергели, Миробод, Яшнобод, Бектемир, Юнусобод, М.Улуғбек ва Олмазор) экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалаларига доир фуқаролар мурожаатларини ўрганиш мақсадида тезкор назорат тадбирлари ўтказилди.

Тезкор тадбирлар давомида 99 та қонун бузилиши ҳолатлари аниқланиб, ҳуқуқбузарларга нисбатан 74 та ҳолат бўйича 556,0 млн сўм маъмурий чоралар (жарима ва зарарни ундириш учун даъво суммаси) қўлланилди.

Шунингдек, 25 та ҳолатда камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли шахсларга мажбурий кўрсатмалар берилди.

Аниқланган ҳолатларнинг 51 таси (58%) чиқиндиларни белгиланмаган жойга ташлаш билан боғлиқ бўлиб, улар бўйича 15,3 млн сўм жарималар қўлланилди.

Дарахтларни муҳофаза қилиш қонунчилигини бузиш ҳолатлари 20 тани (22,7%) ташкил этиб, 8 таси дарахтларни ноқонуний кесиш ва 12 таси уларга агротехник ишлов беришда белгиланган нормаларни бузиш, уларни шикастлаш, таг қисмини бетонлаш билан боғлиқ. Аниқланган ҳуқуқбузарликлар юзасидан айбдор шахсларга жами 538,4 млн сўм (24,5 млн сўм жарима ва 513,8 млн сўм даъво) маъмурий чоралар кўрилди.

Шу билан бирга, 4 та ҳолатда сув объектларини муҳофаза қилиш, атмосфера ҳавосини ифлослантириш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар аниқланиб, айбдорларга нисбатан 2,2 млн сўм маъмурий чоралар кўрилди.

Ўрганилган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари Чилонзор, Юнусобод, Сергели, Учтепа ва Мирзо Улуғбек туманларида кўп учрамоқда.

Аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича 97 та мажбурий кўрсатмалар берилиб, «Махсустранс» ДУК, туман ободонлаштириш бошқармаси, каналларни бошқариш бошқармаси техникалари ва ҳодимлари жалб этилди ва 86 таси (88,6%) жойида бартараф этилди.

Жумладан, 215 м.куб чиқиндилар олиб чиқилди, канал ва ариқларни тозалаш бўйича 69 та тадбирлар амалга оширилди, жойларда қонунбузарликларни олдини олиш бўйича 147 та тарғибот-профилактика ишлари амалга оширилди.

Рейд тадбирлари давомида Давлат экология қўмитаси «Ишонч телефони»га келган ҳамда ижтимий тармоқларда чиққан 130 та мурожаатлар ўрганилиб, тегишли чоралар кўрилди.

Хусусан, фуқаро Анваров Шоҳжахон мурожаати жойига чиқиб ўрганилганда, Яшнобод тумани 58-ҳарбий шаҳарча «Олмос» МФЙ ҳудудида ноқонуний равишда 6 туп турли хилдаги манзарали дарахтлар кесилганлик ҳолати аниқланиб, далолатнома расмийлаштирилди. Ҳозирда дарахтларнинг кесилишидан олдинги ҳолати ўрганилмоқда. Дарахтлар соғлом ҳолатда бўлганда ўсимлик дунёсига етказилган зарар 334 млн сўмни ташкил этади.

Ижтимоий тармоқларда чиққан М.Улуғбек туманининг 207-ўрта таълим муассасасида 1 туп чинор дарахти ноқонуний кесилган ҳолат ўрганилганда, ҳолат юзасидан туман инспектори томонидан мактаб раҳбарияга нисбатан тегишли чора қўллагани маълум бўлди. Шунингдек, мактаб ҳовлиси кўздан кечирилганда мактаб раҳбарияти томонидан турли диаметрдаги 9 туп терак дарахтлари ноқонуний кесилиб, табиатга 37 млн сўм зарар келтирилгани аниқланди. Бу ҳолат бўйича тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилмоқда.

Юнусобод тумани, 2 мавзе 14б уй ёнида қурилиш объектида 2 та шумтол дарахти ноқонуний кесиб ташланганлиги аниқланди. Ҳуқуқбузарга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, 17,4 млн сўм зарар ва 1,1 млн жарима чораси қўлланилди.

Чилонзор тумани Пойгоҳ кўчасидан ўтган коллектор ва атрофига коллектор дренажларга хизмат кўрсатиш корхонаси участка бошлиғи томонидан белгиланмаган жойга чиқиндилар ташлагани учун 1,1 млн сўм миқдорида жарима солинди.

Сергели туман «Qipchoq» МФЙ ҳудудидаги қурилиш бўлаётган жойда фуқаро Ш.Ғ. томонидан тут дарахти ноқонуний кесганлиги аниқланиб, унга нисбатан МЖтКнинг 79-моддасига асосан 1,1 млн сўм миқдорда жарима ва 66 900 сўм ўсимлик дунёсига етказилган зарар белгиланиб ундириш чораси кўрилмоқда.

Сергели туман Нилуфар кўчасида истиқомат қилувчи фуқаро Н.Н. томонидан дала ва аҳоли яшаш жойида хазон барглар ва шох-шаббаларни ёққанлиги аниқланиб, унга нисбатан МЖтКнинг 88-моддаси 3-қисми билан 1,1 млн сўм жарима белгиланди ва маъмурий иш бўйича ҳужжатлар расмийлаштирилди.

Чилонзор тумани Чўпонота маҳалласи Сирожиддинов номли академик лицей биносининг орқа томонидаги оралиқ кўчада 100 метр масофада ноқонуний чиқиндилар (шоҳ-шаббалар, маиший ва қурилиш чиқиндилари) тўплангани аниқланиб, жойида маҳалла раиси ва ТСЖ раҳбари иштирокида чиқиндиларни бартараф этиш чоралари кўрилди.

Бўрижар канал санитар муҳофаза ҳудудига чиқинди жойлаштирганлиги сабабли Чилонзор Ободонлаштириш бош муҳандисига нисбатан МЖтКнинг 72-моддасига асосан жарима қўлланилди.

 

 

Давлат экология қўмитаси
Матбуот хизмати

 


 

Фойдали манбалар