Жиззах вилоятида 111 туп 100 ёшдан ошган дарахт хатловга олиниб, маҳаллий ҳокимият органларининг қарорлари билан «Давлат табиат ёдгорлиги» деб эълон қилинди.
Вилоятда Республика Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори асосида ёши 100 ва ундан ошган дарахтларни хатловдан ўтказиш ва давлат кадастрига киритиш натижаларига кўра 100 ёшдан ошган 82 туп тут, 23 туп ёнғоқ, 2 туп чинор, 2 туп толь тегишли маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари билан табиат ёдгорлиги сифатида рўйхатга олинди.
– Дарҳақиқат, бир туп кўчатнинг вояга етиши нақадар қийин эканлиги назарда тутилса, 100 ёшли дарахт табиат ёдгорлиги сифатида муҳофаза қилишга муносибдир, – дейди вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Замира Абдуллаева. – Масалан, Фориш туманининг Ухум қишлоғидаги минг ёшдан ошган арча дарахти табиатнинг чинакам мўъжизаси деса бўлади. Афсуски, бундай дарахтлар тобора камёб бўлиб қолмоқда.
Ўзбекистон Республикаси экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, «Мерос» хайрия фонди ҳамкорлигида 2020 йил 28 июлдан 2 августгача мамлакатимизда ўтказилган «Дарахтларни суғориш ҳафталиги» ҳам табиатни муҳофаза қилиш соҳасидаги муҳим тадбирлардан бўлди. Ҳафталик доирасида ташкил этилган тадбирларда дарахтларнинг Она сайёрамиз табиатидаги, инсон ҳаётидаги ўрни, уларни кўпайтириш, парваришлаш, асраб-авайлаш ҳақида суҳбатлар ўтказилди.
Т. БЕКНАЗАРОВ, ЎзА
Манба: http://uza.uz/oz/society/yuz-yeshdan-oshgan- ....
Давлат экология қўмитаси
Матбуот хизмати