Жиззах вилоятининг шаҳар ва туманларида «Дарахтларни суғориш ҳафталиги» доирасида бир қатор хайрли ишлар амалга оширилди.
Ҳар йили турли акциялар, ташаббуслар доирасида кўкаламзорлаштириш, дарахт ўтқазиш тадбирлари ўтказилади. Жумладан, жорий йилнинг 15 март куни Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси «Мерос» жамоат фонди билан биргаликда ташкил этилган «Яшил Ватаним» акциясида Жиззах вилоятида қарийиб 5 минг туп дарахт кўчати ўтқазилган эди.
Ушбу эзгу ишнинг давоми сифатида жорий йилнинг 28 июль – 2 август кунлари «Дарахтларни суғориш ҳафталиги» ўтказилди. Акция доирасида Ўзбекистон Экологик партияси вилоят кенгаши ва Ёшлар Иттифоқи фаоллари эковолонтёрлари билан биргаликда Жиззах «Ўрда» экологик боғининг қарийиб 6 гектар майдонига экилган манзарали дарахт кўчатлари оби-ҳаёт билан суғорилиб, боғдаги гул ва майсалар ҳам парваришланди. Экоҳашарда, карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда Жиззах шаҳар ободонлаштириш департаментининг техника воситалари ва ишчи ходимлари ҳам суғориш тадбирларида фаол иштирок этди.
Шунингдек, шаҳар кўчалари ёқалари ва Мустақиллик майдони, «Ёшлар» боғидаги дарахтлар ва манзарали гуллар ҳам оби ҳаёт билан тўйинтирилди.
Айниқса, ҳафталик доирасида Фориш туманининг чўл ва адирликлардан иборат ҳудудининг Тутак қишлоғидаги 16 гектарлик «Экологик боғ»да бажарилган ишлар кейинги йилларда кўкаламзорлаштириш, боғ-роғлар барпо этишга кучайтирилган эътиборнинг, одамларнинг табиатга меҳрининг ифодаси бўлди.
«Мерос» жамғармаси вилоят бўлими, туман экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси туман ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этган акция доирасида ушбу боғда экологик ҳашар ташкил этилди. Маҳалла аҳли, ёшлар, нуронийлар фаол иштирокида ўтказилган экоҳашарда боғдаги суғориш ариқларини, эгатларини тартибга солиш, дарахтларни суғориш, парваришлаш ишлари бажарилди.
– Экобоғда одамларнинг табиатга бўлган меҳри ифодаси сифатида 1 минг 500 туп ҳар хил турдаги дарахт кўчатлари ўсаётир, – дейди туман экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси бошлиғи Қобил Ҳидиров. – Ҳафталик давомида туман табиат ишқибозлари томонидан ҳар бир дарахтни тўғри ўстириш, доимий сув билан таъминлаш, касалликлардан асраш учун зарур агротехник тадбирлар бажарилди.
Акция доирасида бундай хайрли ишлар бошқа туманларда ҳам амалга оширилди.
Ҳар йили давлат ва нодавлат ташкилотлари томонидан турли акциялар, лойиҳалар доирасида жуда кўплаб дарахт кўчатлари экилади. Аммо кейин парваришланмаслиги, суғорилмаслиги натижасида кўчатларнинг кўп қисми вояга етмасдан нобуд бўлади.
Мазкур акция ана шу муаммоларга одамларнинг эътиборини қаратиш, дарахтларни тўғри парвариш қилиш бўйича ҳабардорлигини ошириш билан бирга бу ишларни бажаришда ҳам катта амалий аҳамиятга эга тадбир бўлди.
Т. БЕКНАЗАРОВ, ЎзА
Манба: http://uza.uz/oz/society/darakhtlar-me-rdan-suv- ....
Давлат экология қўмитаси
Матбуот хизмати