Навоий вилоятидаги экология ходимлар томонидан кўп йиллик дарахт турлари ўрганилди
16.
07. 2020
15:33
6559
Эконадзор

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 январдаги «Давлат ўрмон фондига кирмайдиган ерларда дарахтлар ва буталардан фойдаланишни тартибга солиш ва улардан фойдаланиш соҳасида руҳсат бериш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги 43-сонли қарори талабларини бажарилиши юзасидан Навоий вилояти Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг инспекторлари томонидан кўп йиллик дарахт турлари ўрганилди. Навоий вилоят худудидаги Қизилтепа тумани , Хатирчи тумани, Кармана тумани, Нурота тумани, Навбаҳор туманларида 10 туп 100 ёшдан ошган чинор, 17 туп 300 ёшдан ошган тут, 3 туп 110 ёшдан ошган акация ва 2 туп 150 ёшдан ошган арча кўп йиллик дарахтлари давлат назоратига олинди.

Чинор дарахтлар ичида ўзининг узоқ йил яшаши, ҳаттоки шўр тупроқда ҳам ўса олувчи, шу билан биргаликда, доривор дарахтлар сарасига киради.

Чинор ишқорли тупроқда яхши ўсиб, тутунга бурканган шаҳар шароитида айнан булғанган ҳавони тозалашга хизмат қилади. Чинор узоқ йил яшаши билан кўпгина бошқа дарахтлардан ажралиб туради. Юртимизда ҳам ёши мингдан ошган чинорлар мавжуд.

Чинор экологик офатларга чидамли дарахт. Бугунги кунда дунё бўйлаб унинг 10 та тури мавжуд. Дарахт кўчатлари март ойининг охири-апрель ойининг бошларида қуёш тушиб турадиган, очиқ жойларга экилади. Кўчатлар тутиб кетмагунига қадар суғорилиб туриши лозим. Фақат қаттиқ қурғоқчиликдагина улар суғоришга муҳтождир.

Чинорнинг даволовчи хусусиятларини Ибн Сино ўзининг «Тиб қонуни» асарида ҳам ёзиб қолдирган. Замонавий тадқиқотлар чинор дарахти пўстлоғида тритерпеноидлар, ситостеринни, баргида фенолкарбон кислота, гидролизлатилганда п-кумар, қаҳва, флавоноидлар, антоцианлар, цианидин, дельфинидинни топишган. Мевасида ситостерин, юқори алифатик углеводород п-гептриаконтан, юқори алифатик спиртлар мавжуд. Буларнинг барчасидан фармоцевтикада самарали фойдаланилади. Томирининг қайнатмаси қон кетишни тўхтатувчи ва илон чаққанда шифо ҳисобланади. Ёш пўстлоқлар қайнатмаси саратонни олдини олади. Улар сирка қўшиб қайнатилса диарея, дизентерия, грипп, тиш оғриғини олдини олишга қодир. Баргларининг димланмаси билан кўз чайқалса конъюнктивлар шифо топади,ичилса саратоннинг олдини олади.
 


Тут меваси иммун тизимни кучайтириб, организмни юқумли касалликларга қарши ҳимоя тизимини мустаҳкамлайди, терига барвақт ажин тушишидан сақлайди, кўриш қобилиятини ошириб, кўз тўрпардасининг зарарланиши каби касалликлардан асрайди.

Тут барги ва танасининг пўстлоғи ҳам турли биологик фаол моддаларга бой. Барги таркибида флавоноидлар, витаминлар, каротин, эфир мойи, органик кислоталар, дарахт пўстлоғида эса бўёқли ва ошловчи моддалар, турли хилдаги кислоталар мавжудлиги аниқланган.

Халқ табобатида тут қадимдан турли касалликларни даволашда қўлланилиб келинади.

Тут шираси қонни тозалаш, қонни кўпайтириш мақсадида ҳам кенг қўлланган. Баргининг қайнатмаси эса ангина ва бошқа шамоллаш касалликларида иситмани туширувчи, чанқоқни қолдирувчи восита сифатида қўлланилган. Тутни овқатланишдан олдин истеъмол қилиш лозим, шунда ошқозонга унинг зарари тегмайди.

Навоий вилояти
Давлат экология бошқармаси
Ахборот хизмати

 

Давлат экология қўмитаси
Матбуот хизмати

 


 

Фойдали манбалар