«Табиат вақти: инсон, атроф муҳит ва биохилма-хиллик» мавзусида ижтимоий – экологик видеороликлар танлови
10.
06. 2020
15:31
7892
Янгиликлар

Давлат экология қўмитаси Марказий Осиё минтақавий экология маркази (МОМЭМ) билан ҳамкорликда ёшлар учун «Табиат вақти: инсон, атроф муҳит ва биохилма-хиллик» мавзусида ижтимоий – экологик видеороликлар танловига старт берилганлигини эълон қилади.

Европа иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган UzWaterAware лойиҳаси доирасида ўтказилаётган мазкур танловда 16 ёшдан 25 ёшгача бўлган мамлакатимиз ОЎЮларининг талабалари, коллежлар, юқори синфлар (10-11-синфлар) ўқувчилари иштирок этиши мумкин.

Танловнинг асосий мақсади – ёшлар, юқори синф ўқувчилари ва талабаларнинг ота-оналари ҳамда педагогларини атроф муҳитни муҳофаза қилиш, биологик хилма-хилликни сақлаб қолиш масалаларига жалб этиш, уларнинг хабардорлигини ошириш, шунингдек, бу борадаги муаммолар ва ечимларга аҳолининг эътиборини қаратишдан иборат.

Танлов Жаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш кунига бағишланган бўлиб, 2020 йил 10 июндан 10 сентябрга қадар давом этади. Ғолибларни тақдирлаш маросими 16 сентябрь – Халқаро озон қатламини муҳофаза қилиш кунида бўлиб ўтади.

Танловда иштирок этишни истаганлар 2020 йил 10 сентябрга қадар ташкилотчиларнинг uzbekistan@carececo.org электрон манзилига «Табиат вақти» номи билан қуйидагиларни юборишлари керак бўлади:

– Иштирокчи тўғрисида қисқача маълумот;

– Видеороликнинг қисқа тавсифи ҳамда яратилиш тарихи;

– Интернетдаги бирор майдонга mp4 форматида юкланган видеороликка ҳавола ёки хатнинг ўзига бевосита илова қилинган (mp4) ролик. Шу билан бирга, роликни #Tabiatvaqti #Времяприроды #Timefornature хэштэги остида ижтимоий тармоқларга (Facebook, Instagram, Youtube) жойлаштириш, ҳаволасини эса юқорида юбориш керак бўлган хатга илова қилиш зарур.

Видеоролик хронометражи 03:00 дақиқадан ошмаслиги керак, максимум 05:00 дақиқа бўлишига йўл қўйилади. Ролик мазмун-моҳияти қуйидаги мавзулардан бирини ўзида акс эттириши шарт:

– Атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги муаммолар / ечимлар;
– Биологик хилма-хилликни сақлаш бўйича муаммолар / ечимлар;
– Сув ресурсларини муҳофаза қилиш бўйича муаммолар /ечимлар.

Жюри аъзолари ҳар бир йўналиш бўйича биттадан ғолибни аниқлайди. Асосий совринлар билан бир қаторда ижтимоий тармоқларда энг кўп овоз (лайк/кўриш) тўплаган ролик муаллифини рағбатлантириш учун Давлат экология қўмитаси томонидан алоҳида номинация ажратилган.

Танлов қамровининг кенглигини эътиборга олган ҳолда тадбир ташкилотчилари томонидан энг фаол ва ёрқин иштирокчилар учун 100 та рағбатлантирувчи совғалар тайёрлаб қўйилган.
 

ТАНЛОВ ШАРТЛАРИ билан батафсил танишиш.


Манба: https://carececo.org/main/news/molodezhnyy-konkurs-....

 

 

Давлат экология қўмитаси
Ахборот хизмати

 


 

Фойдали манбалар