10-феврал куни Марказий Осиё атроф муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университетининг (“Греэн Университй”) мажлислар залида БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича доиравий конвенцияси иштирокчиларининг 28-конференциясидан кейинги Марказий Осиё давлатларининг учрашуви бўлиб ўтди. Тадбир “Марказий Осиё иқлим ўзгариши бўйича музокаралар жараёнида: CОП28 натижалари ва CОП29 учун режалар” мавзусига бағишланди.
Йиғилишда Марказий Осиёнинг 5 давлатидан экология соҳасидаги давлат идоралари раҳбарлари, халқаро ташкилотлар ва дипломатик корпус раҳбарлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, илмий доиралар вакиллари, экология фаоллари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбирнинг очилишида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов мамлакатимиз ҳукумати томонидан соҳага катта эътибор қаратилаётгани, бунинг натижасида экология соҳаси ҳам тубдан ўзгариб бораётгани, шунингдек, ҳар бир инсоннинг экологик ҳуқуқи янги конституцияда мустаҳкамланганлигини таъкидлади.
“Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан қатор ташаббуслар илгари сурилди. Бу ташаббуслар иқлим ўзгариши оқибатларига қарши курашиш борасидаги қатъий ҳаракатларни акс эттиради, – деди А.Абдуҳакимов. — Марказий Осиё минтақасининг иқлим ўзгаришига қўшган ҳиссаси 2 фоиздан кам, аммо у салбий оқибатларга энг заиф минтақалардан бири ҳисобланади. Бугун бизнинг мақсадимиз Марказий Осиё давлатларининг CОП28да эришган ютуқлари ва хулосаларини муҳокама қилиш, шунингдек, CОП29да иштирок этиш стратегиясини белгилашдир. Саъй-ҳаракатларимизни мувофиқлаштириш зарур”.
Олий даражадаги тадбирнинг биринчи сессияси “Марказий Осиёда иқлим сиёсатини шакллантириш” мавзусига бағишланди. Унда Қозоғистон Республикаси Экология ва табиат ресурслари вазири Ерлан Нисанбоев, Қирғизистон Республикаси табиат ресурслари, экология ва техник назорат вазири Мелис Турғунбоев, Тожикистон Республикаси ҳукумати ҳузуридаги Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси раиси Баҳодир Шерализода ва Туркманистон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазири Чаригелди Бабаниязов иштирок этди.
Мулоқот чоғида сўзга чиққанлар минтақада тажриба алмашиш, иқлим ўзгаришига мослашиш ва унинг оқибатларини юмшатиш бўйича технологиялар ва ресурсларни узатишга кўмаклаша оладиган ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидладилар. Иқлим бўйича музокаралар жараёнида Марказий Осиёнинг роли ортиб бораётгани минтақанинг халқаро майдондаги овози муҳимлигини таъкидлайди.
Таъкидлаш жоизки, Азиз Абдуҳакимов давлатимиз раҳбари раҳнамолигида амалга оширилаётган бир қатор ишлар ҳақида гапирди. Жумладан, Оролбўйида “Иқлим технологиялари халқаро кўргазмаси”ни ташкил этиш, Марказий Осиё иқлим мулоқоти платформасини такомиллаштириш, “Греэн Университй” негизида етакчи хорижий олим ва экспертлар иштирокида “Иқлим илмий форуми”ни ташкил этиш, форум доирасида ер деградацияси, сувдан фойдаланиш, озиқ-овқат хавфсизлиги муаммоларини ўрганиш, БМТ билан Ўзбекистонда 2024-йилда “Иқлим миграцияси” конференциясини ўтказиш, Ўзбекистон Республикасининг 2050-йилгача кам углеродли иқтисодиётга ўтиш бўйича узоқ муддатли стратегиясини ишлаб чиқиш ва бошқалар.