Ижтимоий тармоқларда Сирдарё вилоятида ўтказиладиган кўпкари учун Зомин қўриқхонасидан бўри олиб келиниши ҳақида тарқалган хабар юзасидан Сирдарё ва Жиззах вилоятлари Экология ҳамда Ички ишлар бошқармалари ходимлари томонидан тезкорлик билан ҳамкорликдаги ўрганиш ишлари олиб борилди.
Сирдарё вилояти Экология бошқармаси ҳамда Ички ишлар ходимларининг ўрганишларида видеотасвирдаги фуқаролардан бири Ховос туманининг «Истиқлол» МФЙда яшовчи фуқаро Ш.Р эканлиги аниқланди.
Ўрганишлар давомида Ш.Р кўпкарига соврин учун бўри қўйишни мақсад қилгани, видеотасвирдаги ҳолат Жиззах вилоятининг Зомин туманида тасвирга олингани ва бўри ушбу туманда яшовчи фуқаро Э.А нинг уйида сақланаётганлигини билдирган. Ҳолат юзасидан белгиланган тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилиб, Жиззах вилояти Экология ва Ички ишлар бошқармалари ходимларига тегишли маълумотлар тақдим қилинди.
Ушбу маълумотларга асосан Зомин тумани Экология бўлими ва ички ишлар ходимлари томонидан олиб борилган ўрганишлар давомида «Туркман» МФЙда яшовчи К.Ғ. исмли фуқаро ўз хонадонида бўрини ноқонуний тарзда тутқунликда сақлаб келаётганлиги аниқланди. Ушбу фуқаро бу ҳаракати билан Ўзбекистон Республикасининг “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонунининг 4, 32, 33-моддалари талабларини бузган.
Шундан келиб чиқиб, мазкур фуқарога нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 90-моддаси, 1-бандига асосан БҲМнинг 10 баравари, яъни 3 млн. сўм миқдорида жарима белгиланди.
Давлат инспекторлари томонидан бўрининг ҳолати кўздан кечирилганда, жонивор соғлом эканлиги маълум бўлди. Шундан сўнг бўри табиат бағрига қўйиб юборилди.
Табиат ресурслари вазирлиги ушбу жараёнда фаол иштирок этган соҳа ходимлари ва ҳамкорликда яқиндан ёрдам берган Ички ишлар ҳамда Зомин табиатни муҳофаза қилиш прокуратураси ходимларига ўз миннатдорлигини билдиради.
Табиат ресурслари вазирлиги матбуот хизмати