Ўзбекистон Республикасининг “Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2023 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” 2022 йил 30 декабрдаги ЎРҚ–812-сон Қонунига мувофиқ чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга оширувчи айрим тадбиркорлик субъектларига вақтинчалик солиқ имтиёзлари жорйи этилди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 483-моддасига қўшимчалар киритилиб, унга мувофиқ чиқиндиларни тўплаш, олиб чиқиш, саралаш ва қайта ишлаш фаолиятидан олган даромадлари ҳисобот (солиқ) даври якунлари бўйича жами даромадининг камида 90 фоизини ташкил этган солиқ тўловчилар 2023 йил 1 январдан эътиборан 2026 йил 1 январга қадар бўлган даврда мазкур фаолият тури бўйича фойда солиғи ва ижтимоий солиқни 1 фоиз миқдордаги солиқ ставкаси бўйича тўлашлари белгиланди.
Мазкур қонун чиқиндиларни тўплаш, олиб чиқиб кетиш, саралаш ва қайта ишлаш билан шуғулланувчи корхоналарни қўллаб-қувватлаш, уларда узоқ муддатли инвестиция лойиҳаларини амалга оширилишини рағбатлантириш ҳамда маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматларнинг самарали ташкил этилишини таъминлашга хизмат қилади. Бу эса ўз навбатида аҳоли пунктларининг санитария ва экологик ҳолатини яхшилаш, чиқиндиларнинг фуқаролар соғлигига зарарли таъсирини олдини олиш, аҳоли турмуш даражаси ва сифатини ошириш баробарида мамлакатда экологик барқарорликни таъминлаш имконини беради.