Бугун Давлат экология қўмитаси раиси Н.Обломурадов ҳамда Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили, Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Б.Ибрагимов ўртасида учрашув бўлиб ўтди. 
23.
12. 2022
23:52
3049
Янгиликлар

Учрашувда Оролбўйи минтақасида экологик муаммоларни бартараф этиш, чўлланиш ва қўрғоқчиликка қарши самарали курашиш, яшил майдонларни барпо этиш, биологик хилмахилликни асраш каби йўналишларда БМТ таркибий  тузилмалари билан ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш масалалари муҳокама этилди. 

Шунингдек, учрашувда 2023 йил 23-28 октябрь кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтиши режалаштирилаётган БМТ Ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини муҳофаза қилиш тўғрисидаги конвенциясининг 14-томонлар конференцияси (CMS COP-14)ни юқори савияда ташкил этиш, мазкур конференцияга БМТнинг экология ва атроф-муҳит масалалари билан шуғулланувчи ташкилот ва тузилмалари иштирокини таъминлашда ҳамкорликни йўлга қўйишга келишиб олинди.

Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили Б.Ибрагимов келгуси 2023 йилда мамлакатимизда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, Оробўйи минтақасида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар ҳақида халқаро ҳамжамиятга кенгроқ таништириш мақсадида, АҚШда БМТ шафелигида Ўзбекистон делегацияси иштирокида давра суҳбатлари ва илмий-амалий кўргазмалар ташкил этиш таклифини билдирди.  

Давлат экология қўмитаси матбуот хизмати

Фойдали манбалар