Географик ахборот тизими маркази иш бошлади
05.
12. 2022
12:55
3591
Янгиликлар

Бугун Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳузуридаги Атроф-муҳит ва табиатни муҳофаза қилиш технологиялари илмий-тадқиқот институтида Географик ахборот тизими марказининг очилиш маросими бўлиб ўтди. 

Ушбу марказ БМТнинг Атроф-муҳит дастури (UNEP)нинг  Марказий Осиё бўйича субминтақавий идораси ва Россия Фанлар академияси География институтининг кўмагида ташкил этилди.

Давлат экология қўмитаси раиси Н.Обломурадов бугунги кунда Қўмита томонидан экология ва атроф-муҳит йўналишидаги илмий тадқиқотларнинг кўламини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани ҳақида сўз юритиб, мазкур марказ фаолиятининг йўлга қўйилиши бу борадаги яна бир муҳим қадам эканлигини таъкидлади. 

Марказнинг очилиш маросимида расмий меҳмон сифатида БМТнинг Атроф-муҳит дастури (UNEP)  Марказий Осиё бўйича субминтақавий идораси раҳбари Айдай Курманова иштирок этди.

Тадбирда Атроф-муҳит ва табиатни муҳофаза қилиш технологиялари илмий-тадқиқот институтининг Яшил ўсиш ва иқлим ўзгариши бўлими бошлиғи Сайиджаҳон Ҳасанов энг сўнгги технологиялар асосида жиҳозланган лабораториянинг мақсад ва вазифалари, замонавий имкониятлари ҳамда ишлаш жараёнлари ҳақида тақдимотлари орқали кенг маълумот берди. 

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 18 августдаги “Атроф муҳит ва табиатни муҳофаза қилиш технологиялари илмий-тадқиқот институти фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  қарорида  экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида инновацион ва илмий тадқиқот ишларини янада жадаллаштириш вазифаси ҳам белгиланган. 

Шу ўринда айтиш жоизки, Географик ахборот тизими технологиялари табиий ресурслардан фойдаланишни тизимли равишда кузатиш, теварак-атроф табиий муҳитини муҳофаза қилиш соҳасида ахборотлар билан таъминлаш, табиий ресурслардан мақсадли ва оқилона фойдаланиш имконини беради. 

Эътирофлиси, мазкур Географик ахборот тизими маркази фаолиятининг йўлга қўйилгани эндиликда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида илмий-амалий  тадқиқотларни тизимли равишда ташкил этиш имконияти янада кенгайтиради. 

Жумладан, республикамиз ҳудудида мавжуд бўлган яшил ҳудудлар ҳамда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида экилаётган кўчатларнинг мониторингини олиб бориш ишлари тизимли ташкил этилади. Олинган илмий-тадқиқот натижаларига асосан Қўмита томонидан  тавсиялар  ишлаб чиқилиб, таҳлиллар амалга оширилади ва янги лойиҳалар амалиётга жорий  қилинади.

Давлат экология қўмитаси матбуот хизмати

Фойдали манбалар