Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилишга оид матбуот анжумани ўтказилди
27.
10. 2022
15:21
3340
Янгиликлар

  Бугун АОКАда Давлат экология қўмитаси томонидан ҳамкор идоралар билан  биргаликда “Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавоси ифлосланиши ҳолатининг келиб чиқиш сабаблари ва кўрилаётган чоралар” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.

Матбуот анжумани аввалида Давлат экология қўмитаси раиси
Н. Обломурадов, “Ўзгидромет” директори Ш. Ҳабибуллаев ва Санитария эпидемиология осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари Н. Отабеков
мавзу юзасидан йиғилган журналист ва блогерларга маълумот берди.

Шу ўринда айтиш керакки, бутун дунёда иқлим ўзгариши, ўртача ҳаво ҳароратининг кўтарилиши оқибатида атроф-муҳитга бўлган салбий таъсирлар кузатилмоқда. Сўнгги 100 йил давомида глобал миқёсда ҳаво ҳароратининг кўтарилиши 1,2 градусни ташкил қилган бўлиб, бизнинг минтақамизда бу кўрсаткич  2 градусга ошган.

Кейинги вақтларда республикамиз ҳудудларида кузатилаётган қум-чанг бўронларига минтақамизда бўлаётган иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларидан бири сифатида қаралмоқда. Албатта, бундай ноқулай экологик ҳолатларга қарши курашиш барчамиздан ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатларни талаб қилади.

Ўзбекистон Республикасининг “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонунида барча фуқаролар, корхона ва ташкилотлар ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, шунингдек, нодавлат-нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгилаб берилган.

Бу борада Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан қонунчиликда белгиланган қуйидаги йўналишларда ишлар олиб борилаяпти:

Биринчидан, атроф-муҳитга таъсири бўлган корхона ва ташкилотлар, шу жумладан, атмосфера ҳавосига ифлослантирувчи моддалар ташловчи корхоналар (объектлар) фаолияти экологик нормативларни белгилаш орқали тартибга солинмоқда.

Давлат экологик экспертизаси хулосаларида янги ишга туширилаётган ҳар бир объект бўйича самарадорлик даражаси 99,5 фоиздан ҳамда фаолият юритаётган самарадорлик даражаси 95,0 фоиздан кам бўлмаган чанг-газ тозалаш ускуналарини ўрнатиш мажбурияти белгиланмоқда.

Электрон ҳужжат алмашинуви тизими орқали жорий йилнинг 9 ойи давомида 14 984 та корхона ва ташкилотларга, шу жумладан, Тошкент шаҳри бўйича 100 дан ортиқ атроф-муҳитга таъсири юқори ва ўрта даражада бўлган хўжалик субъектларига давлат экологик экспертизаси хулосалари тақдим этилган.

Сўнгги 2 йилда жами 195 та саноат корхоналарида 455 та чанг тозалаш ускуналари модернизация қилинди, янгилари ўрнатилди.

2022-2023 йилларда дастур асосида 270 та корхонанинг 1100 га яқин фильтрларини янгилаш амалга оширилади.

Бугунги кунда корхона ва ташкилотларнинг лойиҳалари бўйича экологик экспертиза хулосаларини бериш тўлиқ электрон форматда амалга оширилмоқда.

Электрон ҳужжат алмашинуви тизими орқали жорий йилнинг 9 ойи давомида 14 984 та корхона ва ташкилотларга, шу жумладан, Тошкент шаҳри бўйича 100 дан ортиқ атроф-муҳитга таъсири юқори ва ўрта даражада бўлган хўжалик субъектларига давлат экологик экспертизаси хулосалари тақдим этилган.

Автотранспорт воситаларидан атмосферага ташламаларни камайтириш мақсадида ҳар йили республикамиз бўйича
2 маротаба “Тоза ҳаво” ойлиги ўтказилиб келинмоқда.

Иккинчидан, атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш соҳасида давлат экологик назорати тадбирлари амалга оширилмоқда.

Хусусан, атроф-муҳитга таъсири юқори ва ўрта бўлган корхона ва ташкилотлар фаолияти устидан мунтазам равишда мониторинг амалга оширилмоқда. Сўнгги 2 йилда мониторинг дастурига киритилган корхоналар сони қарийб 2 баробарга кўпайиб, ҳозирги кунда қамраб олинган корхоналар сони 800 тани ташкил этмоқда.

Шундан, Тошкент шаҳрида 63 та объектлар мониторинг дастури доирасида экологик назорат тизими билан қамраб олинган.

Табиий муҳитни ифлослантирувчи манбалар бўйича экологик мониторинг кузатувлари Давлат экология қўмитасининг Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ихтисослаштирилган аналитик назорат маркази ва ҳудудий аналитик лабораториялари томонидан амалга оширилади.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, қўмита тизимидаги лабораторияларни замонавий       жиҳоз ва ускуналар билан таъминланганлик даражаси ўртача 70 фоизга етказилди.

Аналитик назорат марказининг синов лабораториялари мажмуаси ISO/IEC 17025:2019 давлат стандарти талабларига мувофиқ аккредитациядан ўтказилди.

Учинчидан, атроф-муҳитга хавфи юқори ва ўрта бўлган объектлар фаолияти устидан экология органлари томонидан инспекцион назорат тадбирлари амалга оширилмоқда.

Жорий йилнинг 9 ойи давомида 648 та субъектларда давлат экологик назорат тадбирлари ўтказилиб, атроф-муҳитни меъёридан ортиқ ифлослантирганлик учун 49,5 млрд сўм миқдорида компенсация тўловлари белгиланди. Шундан, атмосфера ҳавосига меъёридан ортиқ ифлослантирувчи моддаларни ташлаганлик учун 9,5 млрд сўм миқдорида компенсация тўловлари ҳамда қонунбузилиши холатлари юзасидан мансабдор шахсларга нисбатан 411 млн сўм жарималар белгиланган.

Тошкент шаҳрида жорий йилнинг ўзида 60 дан ортиқ субъектларда экологик назорат тадбирлари ўтказилиб, атроф-муҳитни ифлослантирганлик учун 13,5 млрд сўм дан ортиқ компенсация тўловлари,шу жумладан, атмосфера ҳавосига меъёридан ортиқ ифлослантирувчи моддаларни ташлаганлик учун 2 млрд сўм дан ортиқ компенсация тўловлари белгиланди.

Экологик қонунчиликни янада такомиллаштириш, соҳадаги ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш самарадорлигини ошириш, ҳамда қонунбузилишларга йўл қўйган шахсларга нисбатан жавобгарликни ошириш бўйича қонунчиликка янги нормалар, ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда:

биринчидан, дарахтларни ноқонуний кесганлик учун жисмоний ва юридик шахсларга нисбатан маъмурий жарима миқдори беш бараварга, зарар суммаси икки бараварга оширишни назарда тутувчи ҳуқуқий норма қонунчиликка киритилмоқда;

иккинчидан, дарахтлар ва буталарнинг қимматбаҳо навларини кесишга, кундаков қилишга, шикастлантиришга, йўқ қилишга олиб келадиган лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиққанлик учун мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий жавобгарлик чоралари белгиланмоқда;

учинчидан, Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил
22 августдаги 464-сон Қарори қабул қилиниб, ҳар бир ноқонуний кесилган дарахт ва бута учун ҳуқуқбузарларга нисбатан 100 туп кўчатни компенсация тарзида экиш тартиби белгиланди ҳамда компенсация тартибида экилган дарахтларни камида уч йил давомида парвариш қилиш мажбурияти юклатилди;

тўртинчидан, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарлик акс эттирилган фото ва видео материалларни тақдим этган шахслар учун ундирилган жарима миқдорининг ўн беш фоизи миқдорида рағбатлантириш белгиланди.

Яна бир муҳим жиҳат – Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 11 августдаги ПФ-189-сон Фармонига мувофиқ ички ишлар органлари таянч пункти профилактика инспекторлари, Патруль-пост хизмати ходимлари ва Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларига экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар бўйича маъмурий жавобгарликка тортиш ваколатлари берилмоқда.

Бунинг натижасида биргина Тошкент шаҳрининг ўзида экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар бўйича маъмурий жавобгарликка тортиш ваколатига эга бўлган инспекторлар сони 70 нафардан 1750 нафарга етказилиши кутилмоқда.

Матбуот анжумани давомида журналист ва блогерларнинг барча саволларига мутасаддилар томонидан атрофлича жавоблар берилди.

Давлат экология қўмитаси матбуот хизмати

 

 

Фойдали манбалар