Давлат экология  қўмитаси ва Буюк Британиядаги халқаро экологик ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорлик истиқболлари
04.
09. 2022
12:47
3916
Янгиликлар

Давлат  экология қўмитаси раиси Н.Обломуродов бошчилигидаги Ўзбекистон Республикаси делегациясининг Буюк Британияга хизмат сафари доирасида 2022 йил 2 сентябрь куни Кембридж табиатни муҳофаза қилиш ташаббуси – Cambridge conservation initiative (CCI) биносида "Fauna and Flora International" (FFI) раҳбарияти билан икки томонлама учрашуви бўлиб ўтди.

FFI хайрия ва нодавлат ташкилоти 1903 йилдан бери сайёрамиздаги ёввойи табиатни ва уларнинг яшаш жойларини  ҳимоя қилиб келмоқда. Ташкилот дунёнинг 40 мамлакатида 130 та экологик дастурларни мувофиқлаштириб, маҳаллий шериклик асосида жойларда биологик хилма-хилликни сақлаш бўйича компетенциялар, самарали ёндашувларни ривожлантиришга  алоҳида эътибор қаратиб келмоқда.

Учрашувда томонлар Давлат экология қўмитаси ва FFIнинг техник ва дастурий таъминот соҳасидаги билим ва илғор тажрибаларни оммалаштиришга қаратилган “Ёввойи табиат объектларининг  ноқонуний савдосига қарши курашиш” қўшма лойиҳасини амалга ошириш жараёнини муҳокама қилдилар. 
Ҳаракатларнинг аниқ мувофиқлаштирилишига эришиш, фаолияти табиий ресурслардан рухсатсиз фойдаланишдан ҳимоя қилишга қаратилган миллий ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг узоқ муддатли самарали фаолияти учун салоҳиятни ошириш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Лойиҳанинг муҳим таркибий қисми аҳолининг хабардорлигини ошириш, экологик жиноятларнинг кўлами ва характерини таҳлил қилиш, уларга қарши курашиш бўйича зарур чораларни кўриб чиқишдан иборат. 

Томонлар шу йилнинг октябрь ойида Тошкент шаҳрида GIS технологиясига асосланган SMART патрул тизимини жорий этиш бўйича минтақавий семинарни ойида этиш режасини ҳам муҳокама қилдилар. 

SMART патрул тизими муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар ходимлари учун мўлжалланган бўлиб, патрул хизмати давомида олинган маълумотларни баҳолаш ва таҳлил қилиш ҳамда табиий тизимларнинг экологик барқарорлигини таъминлаш учун атроф-муҳитни муҳофаза қилишнинг умумий самарадорлигини ошириш имконини беради.

FFI биохилма-хилликни сақлаш бўйича катта директори П.Хотем Давлат экология қўмитаси билан бугунги кундаги  ҳамкорлик даражасини юқори баҳолади ва Ўзбекистон томонини AҚШнинг Ёввойи табиатни муҳофаза қилиш хизматининг  (USFWS) молиявий кўмагида Ўзбекистон ва Қозоғистонда сайғоқни сақлаш бўйича қўшма лойиҳа бошлангани ҳақида маълумот берди. 

Учрашув якунида ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш мақсадида Давлат экология қўмитаси ва FFI ўртасида ўзаро англашув меморандумини имзолашнинг расмий маросими бўлиб ўтди.

Шунингдек, Кембридж табиатни муҳофаза қилиш ташаббуси (CCI), Табиатни муҳофаза қилиш халқаро иттифоқи ((IUCN), ЮНЕПнинг Бутунжаҳон атроф-муҳит мониторинги маркази ((UNEP-WCMC) ва бошқа нуфузли халқаро экологик ташкилотлар вакиллари иштирокида давра суҳбати ташкил этилди. 

Давра суҳбати иштирокчилари Ўзбекистон ва бутун Марказий Осиёда ҳамкорликни янада ривожлантириш ва янги қўшма дастур ва ташаббусларни амалга ошириш истиқболларини муҳокама қилдилар.

Давлат экология қўмитаси Матбуот хизмати

Фойдали манбалар