Бугунги кунда мамлакатимизда экология ва атроф-муҳит муҳофазаси борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар жараёнида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни давлат томонидан бошқариш тизимининг самарадорлигини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
21.
08. 2022
21:54
3151
Янгиликлар

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг шу йилнинг 22 август куни тасдиқланган “Зарафшон” миллий табиат боғини Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси тизимига ўтказиш тўғрисида”ги қарори бу борадаги яна бир муҳим ишлардан бири бўлди. 

Маълумот ўрнида айтадиган бўлсак, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Зарафшон миллий табиат боғи фаолиятини ташкил этиш тўғрисида” 2018 йил 7 февралдаги 82-сон қарорига асосан Самарқанд вилоятининг Жомбой ва Булунғур туманлари ҳудудида жойлашган, умумий майдони 2426,2 гектар бўлган “Зарафшон” давлат қўриқхонаси давлат табиатни муҳофаза қилиш муассассаси шаклида “Зарафшон” миллий табиат боғи сифатида қайта ташкил этилган эди.

Вазирлар Маҳкамасининг ушбу қарори билан миллий табиат боғининг Ўрмон хўжалиги қўмитаси тасарруфидан Давлат экология қўмитаси тизимига  ўтказилиши белгиланган бўлиб, боғ фаолиятини такомиллаштириш, мавжуд реликт ва ноёб тўқайзор ўрмонларни, табиий объект ва ландшафтларни муҳофаза қилиш, рекреацион зонада экотуристик мақсадларда фойдаланишни қонунчилик талаблари асосида ташкил этиш, моддий-техник базасини ривожлантириш каби вазифалар амалга оширилади. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг “Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида”ги Қонуни талабларининг бузилишига йўл қўймаслик, Зарафшон дарёси соҳилларида жойлашган тўқайзорларга инсон хўжалик фаолияти таъсирининг кескин кучайишининг олдини олиш ҳам муҳим масала саналади. 

Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ, табиат боғлари қўриқхонага айлантирилган зоналар, рекреация, хўжалик мақсадида ва бошқа тарзда фойдаланиш зоналари ажратиб қўйилади.  Айни пайтда Зарафшон миллий табиат боғи ҳудудида  қўриқхона зонаси 1772,2 га, рекреация зонаси 352 га ва хўжалик мақсадида фойдаланиш зонаси 302 гектарни ташкил этади.

Давлат экология қўмитаси томонидан бугунги кунда Фанлар академияси ва бошқа тегишли вазирлик ва идоралар мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ тузилиб, табиат боғидаги барча мол-мулклар, питомниклардаги ҳайвонлар ва бошқа моддий бойликлар хатловдан ўтказилмоқда.

Шунингдек, Зарафшон миллий табиат боғида экотуризмни ривожлантириш мақсадида қурилган бино-иншоотларнинг қонунийлигини аниқлаш мақсадида Самарқанд вилояти прокуратураси томонидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.

Фойдали манбалар