5 июнь – Бутунжаҳон атроф-муҳит куни муносабати билан Тошкент марказий боғида тантанали тадбир ўтказилди
06.
06. 2022
10:30
4186
Янгиликлар

5 июнь – Бутунжаҳон атроф-муҳит куни Ўзбекистонда ҳам кенг нишонланади. Мазкур куннинг бу йилги шиори “Ягона ер учун” деб номланган.

Мазкур сана муносабати билан Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан турли экологик акцияларни, анжуман ва учрашувларни, медиа тур ҳамда концерт дастурларини ўз ичига қамраб олган йирик лойиҳа амалга оширилди. Хусусан, вилоятлардаги марказий истироҳат боғларида ва йирик ишлаб чиқариш саноат корхоналарида учрашувлар, маданий-маърифий тадбирлар, спорт-соғломлаштириш ва тозалик акциялари, шунингдек, Қўмита тасарруфидаги қўриқхоналарга пресс-турлар ташкил этилди. 

Ушбу лойиҳанинг якуний қисми сифатида 5 июнь куни пойтахтимиздаги Тошкент марказий боғида тантанали тадбир ўтказилди. Тадбирга юртимизда экология соҳасида фаолият юритаётган турли давлат ва нодавлат муассасалар, халқаро ташкилотлар вакиллари, ёши улуғ меҳнат фахрийлари, Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари таклиф этилди.

Тадбирнинг тантанали очилишида Давлат экология қўмитаси раиси Н. Обломурадов бугунги кунда мамлакатимизда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масаласига қаратилаётган юксак эътибор ва Қўмита томонидан бу борада олиб борилаётган ишлар ҳақида сўз юритиб, ҳамкор ташкилотларга ва кенг жамоатчиллика ўз миннатдорчилигини билдирди.

Тадбир давомида меҳнат фахрийлари, Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари совғалар улашилди.

Шунингдек, “Яшил макон-дарахтларни парвариш киламиз” танлови (барча ёшдаги аҳоли учун);
- “Менинг боғим” фотосуратлар танлови (барча ёшдаги аҳоли учун);
- “Менинг яшил юртим” рассомчилик маҳорати танлови (рассом талаба ёшлар учун);
- “Озода шахрим” чиқиндиларни саралаш бўйича энг фаол ёшлар “плоггинг” танлови (ёш иштирокчилар учун);
- “Табиат болалар нигоҳида” асфальтга расм чизиш танлови (кичик ёшдаги болалари учун)
- “Турфа олам”  экологик викторинаси ўтказилди.
 
Концерт дастури намойиш қилиниб, танловлар ва викториналар ғолиблари тақдирланди.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош Ассамблеяси томонидан 1972 йил  5 июнда Стокгольмда бўлиб ўтган конференциянинг резолюциясига асосан 5 июнь — Бутунжаҳон атроф-муҳит куни деб белгиланган. Мазкур сана муносабати билан ташкил этилаётган бугунгидай экологик акциялар, тадбирлар ҳам мамлакатимизда экология ва атроф-муҳит муҳофазаси йўлида амалга оширилаётган ишларга маълум бир даражада ҳисса бўлиб қўшилади.

Фойдали манбалар