Қорақалпоғистон Республикаси. Беруний туманида 100 МВт қувватли янги шамол электр станциясига тамал тоши қўйилди
24.
02. 2022
15:45
5035
Тадбирлар

Айни вақтда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистоннинг Беруний туманида қурилиши режалаштирилган қуввати 100 МВт бўлган шамол электр станциясининг қурилишини бошлаш учун тамал тоши қўйиш тадбирида иштирок этмоқда.

Ушбу шамол электр станциясини қуриш учун ўтказилган Халқаро тендерда Саудия Арабистонининг «ACWA Power» компанияси 1 киловатт соат электр энергия нархи учун 2,57 АҚШ центи (278,5 сўм) тариф таклифи билан ғолиб деб топилганди.

Мазкур шамол электр станциясини 2024 йилда ишга тушириш режалаштирилган бўлиб, ушбу шамол электр станцияси фойдаланишга топширилгач йилига 350 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилади, 120 мингдан ортиқ аҳоли хонадонлари электр энергияси билан таъминлайди.

Шамол электр станциялари қайта тикланувчи энергия манбалари орқали электр энергияси ишлаб чиқариш асосида атроф муҳитга ва табиатга мутлоқо зарарсиздир. Энг аҳамиятлиси шундаки, электр станция ишга тушгач йилига 106 млн куб. метр табиий газ тежалишига эришилади ҳамда атмосферага 160 минг тонна зарарли чиқиндилар ташланишининг олди олинади. Тежаб қолинган газ билан 35 мингта хонадонни 1 йил давомида табиий газ билан таъминлаш имконияти юзага келади.

Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки сўнгги йилларда юртимизда яшил энергетикани ривожлантириш, хусусан, қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Ушбу йўналишда ўтган қисқа 3 йил ичида қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш бўйича 10 та битим имзоланди.

Таъкидлаш керакки, 2021 йилнинг август ойида Навоий вилоятининг Кармана туманида биринчи 100 МВт қувватли қуёш фотоэлектр станцияси ишга туширилди.

Шу билан бирга, жорий йил 1 чорагида Самарканд вилояти Нуробод туманида иккинчи 100 МВт қувватли йирик қуёш фотоэлектр станциясини ишга туширилишини режалаштирилган.

Жорий 2022 йилда ҳам қайта тикланувчи энергия манбалари соҳасида йирик ишлар амалга оширилади. Хусусан, Бухоро, Наманган, Хоразм, Қашқадарё, Фарғона ва бошқа вилоятларда умумий қуввати 1 900 МВт бўлган 8 та қуёш фотоэлектр станцияларини ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида умумий қуввати 1 700 МВт бўлган шамол электр станцияларини қуриш учун лойиҳа битимлари имзоланиши режалаштирилган.

Шу билан бирга, 2023 йилда Самарқанд, Жиззах, Навоий ва Сурхондарё вилоятларида умумий қуввати 1 097 МВт бўлган 4 та қуёш фотоэлектр станциялари ва Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро (Ғиждувон ва Пешку) ва Навоий вилоятларида умумий қуввати 1 600 МВт бўлган 4 та шамол электр станциялари “яшил” энергия ишлаб чиқаришни бошлайди.


Давлат экология қўмитаси
Атмосфера ҳавосини муҳофаза
қилиш бошқармаси

 

Давлат экология қўмитаси
Матбуот хизмати

 


 

Фойдали манбалар