Қуйи Амударё давлат биосфера резервати фаолияти дунё нигоҳида
23.
01. 2022
13:13
6195
Эконадзор

Қуйи Амударё давлат биосфера резервати Амударё қуйи оқимининг шимолий қисмида, Орол денгизининг собиқ соҳили жануби-шарқида жойлашган.

Бу Марказий Осиёдаги энг йирик табиий тўқайлардан бири бўлиб, у глобал нуқтаи назардан йўқ бўлиб кетиш хавфи остида турган ноёб экотизимдир.

Қуйи Амударё давлат биосфера резервати директори Ойбек Маткаримовнинг таъкидлашича, бу ҳудуд ўсимликлар ва ҳайвонларнинг муҳим яшаш жойи бўлиб, ўрта Осиёнинг чўл минтақаларида энг юқори биологик хилмахиллиги билан ажралиб туради. Шунингдек, йўқолиб кетиш хавфи остида турган Бухоро буғуларининг (Cervus hanglu bactrianus) қўриқланадиган табиий яшаш жойидир.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг 2011 йилда ташкил қилинган Қуйи Амударё давлат биосфера резервати Қорақалпоғистон Республикаси Беруний ва Амударё туманлари ҳудудларида жойлашган бўлиб умумий майдони 6 8717,8 гектарни ташкил қилади. Шундан, 11 568,3 гектар қўриқхона зонасига, 6 731,4 гектар буфер зонаси, 5 0418,1 гектар оралиқ зонага киритилган.

Қўриқхона зонаси 11 568,3 гектардан иборат бўлиб, у қатъий режимдаги муҳофазаланадиган зона ҳисобланади. Ушбу зона табиат объектлари ва комплексларини тўлиқ сақлаб қолиш, илмий тадқиқотлар ва мониторинг олиб бориш учун мўлжалланган. Қўриқхона зонаси ҳудудида, қонун ҳужжатларига мувофиқ давлат қўриқхоналари режими ўрнатилган ва ушбу ҳудудда ҳар қандай турдаги хўжалик фаолияти олиб бориш тақиқланган. Ҳозирги кунда биосфера резерватида жами 32 нафар ходим иш олиб бормоқда,

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 20 мартдаги “Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан Қуйи Амударё давлат биосфера резервати Ўрмон ҳўжалиги давлат қўмитаси тасарруфидан Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси тасарруфига ўтказилди.

2019 йил давомида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Зоология институти, Термиз давлат университети, Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти ҳамда Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетлари билан биргаликда тадқиқотлар олиб бориш мақсадида икки томонлама шартномалар тузилди.

Қуйи Амударё давлат биосфера резерватида ўсимликларнинг 419 туридан 2 тури, ҳайвонларнинг 36 туридан 1 тури, балиқларнинг 43 туридан 12 тури, қушларнинг 246 туридан 23 тури Қизил китобга киритилган. Ундан ташқари ҳашоратларнинг 1 124 тури учрайди.

Ҳозирги кунда хорижий ва маҳаллий сайёҳларни жалб қилиш, уларга замонавий хизмат кўрсатиш мақсадида, резерватнинг эски маъмурий биноси ёнидан 2 қаватдан иборат бўлган “Ташриф маркази” биноси қурилмоқда. Қурилиш ишларига давлат томонидан 7 млрд 30 млн сўм маблағ ажратилган булиб, “Ташриф марказида” сайёҳлар учун табиат музейи, кафе ва меҳмонхона назарда тутилган. “Ташриф маркази” ёнидан 2 гектар ep майдонида Бухоро буғулари учун замонавий парваришхона (вольер) ташкиллаштирилмоқда. Унда сайёҳларнинг буғуларни томоша қилиш майдончаси ва баландлиги 20 метрлик миноралар қурилиши режалаштирилган.

Ўтган йил 13-17 сентябрь кунлари Африка қитъасидаги Абуджа шаҳрида бўлиб ўтган «Инсон ва биосфера» дастури Халқаро мувофиқлаштирувчи кенгашининг 33-сессиясида Қуйи Амударё давлат биосфера резервати ЮНЕСКОнинг «Инсон ва биосфера» дастури доирасида бутунжаҳон биосфера қўриқхоналари тармоғига киритилди. Қуйи Амударё давлат биосфера резервати билан бир қаторда тармоққа 21 мамлакатдан 20 та янги объект киритилган. Шундай қилиб, тармоқ дунёнинг 131 мамлакатидаги 727 та резерватни, шу жумладан 22 та трансчегаравий объектни ўз ичига олади. «ЮНЕСКОнинг биосфера қўриқхоналари ҳозирда қуруқликнинг 5 фоизидан кўпроғини эгаллайди ва уларнинг ҳудудида биологик хилма-хилликни сақлаш, экологик таълим, тадқиқотлар ва барқарор ривожланишни бирлаштиради.


Е.Қаноатов, ЎзА

Манба: http://uza.uz/posts/339801

 

 

Давлат экология қўмитаси
Матбуот хизмати

 


 

Фойдали манбалар