БМТнинг Марказий Осиё иқтисодиёти учун махсус дастурининг иқтисодий форуми
19.
11. 2021
23:33
4150
Янгиликлар

Айни кунларда Тошкент шаҳрида БМТнинг Марказий Осиё иқтисодиёти учун Махсус дастурининг иқтисодий форуми ўз ишини бошлаб, у 18 ноябрга қадар давом этди. 2021 йилда мазкур форум БМТнинг Марказий Осиё иқтисодиёти учун Махсус дастури минтақаси учун барқарор савдо ва транспортни ривожлантириш, шунингдек, пандемиядан сўнг иқтисодиётнинг тикланишига бағишланади.

Эслатиб ўтамиз, БМТнинг Марказий Осиё учун Махсус дастури 1998 йил 26 март куни Марказий Осиё президентлари, шунингдек, БМТ Европа иқтисодиёти комиссияси ҳамда Осиё ва Тинч океани учун БМТ Иқтисодиёти комиссиялари ижрочи котиблари томонидан имзоланган Тошкент декларацияси билан таъсис этилган. Асосий мақсади мазкур давлатларнинг иқтисодий ривожланишига, ҳамкорликка, шунингдек, Европа ва Осиё иқтисодиётларини интеграция қилишга кўмаклашиш ҳисобланади.

Мазкур Форумнинг Ўзбекистонда халқаро тадқиқотлар, лойиҳаларнинг таҳлили ҳамда минтақада ҳамкорлик масалаларига бағишланган VI сессиясида Давлат экология қўмитаси раисининг ўринбосари Жусибек Казбеков ўз тақдимоти билан иштирок этиб, Ўзбекистонда экологик фаолият самарадорлиги бўйича БМТ Европа иқтисодиёти комиссиясининг шарҳи бўйича таҳлилларни тақдим этди.

Эслатиб ўтамиз, БМТ Европа иқтисодиёти комиссияси томонидан ташкил этиладиган экологик фаолият самарадорлигининг шарҳи (инг. Environmental Performance Review — EPR) экологик сиёсатни яхшилаш бўйича у ёки бу мамлакат томонидан эришилган ютуқларни баҳолаш жараёнларини ўзида акс эттиради.

Шарх БМТ Европа иқтисодий комиссиясининг экологик сиёсат бўйича Қўмита шафелигида ўтказилади.

Таъкидланганидек, БМТ Европа иқтисодиёти комиссияси экспертлари, Давлат экология қўмитаси ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикасининг экологик фаолият самарадорлигининг (ЭФСШ) 3-шарҳи тайёрланди.

Ўзбекистон Республикасининг ЭФСШ мувофиқ баҳо, хулоса ҳамда тавсияларни ўз ичига олган 17 та боб, 539 бетдан иборат.

Мамлакатимизда экологик фаолиятни яхшилаш бўйича эришилган ютуқларни баҳолаш жараёнлари Ўзбекистонда биринчи марта 2001 йилда, иккинчи марта 2009 йилда амалга оширилган. Ўзбекистон Республикасида экологик фаолият самарадорлигининг 3-шарҳи 2018 йил октябрда бошланган. Баён этилган шарҳни тайёрлаш учун 2019 йил 23 февралдан 7 мартга қадар халқаро экспертлар ташриф буюришган.

Ўзбекистон Республикасида экологик фаолият самарадорлигининг 3-шарҳи меъёрий-ҳуқуқий ва стратегик асослар, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаси тадбирларини молиялаштириш, “яшил” иқтисодиёт тамойилларини жорий қилиш, атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш, сув ресурсларини бошқариш, иқлим ўзгариши оқибатларига мослашиш, биологик хилма-хилликни сақлаш ҳамда маиший чиқиндилар билан боғлиқ мамлакат учун муҳим бўлган масалалар ёритилган.

Бундан ташқари, 3-шарҳ республикамизнинг экологик аспектларни энергетика, транспорт, ўрмон хўжалиги, туризм, аҳоли саломатлиги ва аҳоли пунктларини ривожлантириш, экологик таълим соҳасидаги сиёсатга интеграция қилиш бўйича съай-ҳаракатларни ўз ичига олган.

Шу билан бирга баён этилган иқтисодий форум доирасида Давлат экология қўмитаси раисининг ўринбосари Ж. Казбеков БМТ ЕИК ижрочи котиби ўринбосари Д. Марясин билан учрашиб, икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш ва жадаллаштириш, хусусан, мамлакатимизнинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида халқаро конвенцияларга аъзо бўлиш масалалари муҳокама этилди.

 

 

Давлат экология қўмитаси
Матбуот хизмати

 


 

Фойдали манбалар