Экология соҳасида халқаро ҳамкорлик кенгаймокда
21.
10. 2021
12:38
4014
Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси ўринбосари Жусипбек Казбеков бошчилигидаги делегация Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқининг Гланд (Швейцария) шаҳрида жойлашган Бош қароргоҳига ташриф буюрди. Уларни Иттифоқнинг ривожланиш гуруҳи глобал директори Энрике Ламанн кутиб олди.

Малумот учун: Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқи биохилмахилликни сақлаш соҳасида тадқиқотлар олиб борувчи, табиатнинг яхлитлигини сақлаш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланишга ҳисса қўшувчи дунёда етакчи ташкилот ҳисобланади. Иттифоқ 1948 йилда ЮНЕСКО ташаббуси билан ташкил этилган бўлиб, унга 120 та давлат ташкилотлари ва 91 мамлакат аъзо.

Учрашувда Ўзбекистоннинг қўриқланадиган табиий ҳудудлар ва биологик хилма-хилликни сақлаш соҳасига қаратилган саъй-ҳаракатлари, илмий ва халқаро ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида Иттифоқ аъзолигига киришига бўлган интилишлари алоҳида қайд этилди.

Ўз навбатида, Ж. Казбеков ўз нутқида Ўзбекистонда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, биологик хилмахилликни сақлаш, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни кенгайтириш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, яшил тикланиш ва иқлим ҳаракатлари соҳасида олиб борилаётган изчил ишлар тўғрисида батафсил маълумот тақдим этди.

Мазкур Иттифоқ билан ўзаро ҳамкорлик Давлат экология қўмитаси билан биргаликда ишлаб чиқилаётган "Ўзбекистонда озиқ-овқат тизими, ердан фойдаланиш ва экотизимларни тиклаш", "Ўзбекистоннинг тоғли ва водийли ҳудудларида ўрмонларни барқарор бошқариш", "Марказий Осиёда табиатни муҳофаза қилиш тизимини мустаҳкамлаш орқали зооноз касалликларнинг пайдо бўлишига ландшафт мослашувчанлигини ошириш" каби қўшма грант лойиҳалари доирасида фаоллашгани қайд этилди.

Ташриф доирасида Ўзбекистоннинг Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқига аъзолик мақомини тан олиш маросими ўтказилди. Шундай қилиб, мамлакатимиз Иттифоқ сафига қўшилган 92-чи ва Марказий Осиё мамлакатлари орасида биринчи давлат бўлди.

Бу ютуқ Ўзбекистонга Глобал экологик жамғарма (ГЭФ) ва Яшил иқлим жамғармаси (ЗКФ) дан экологик лойиҳалар учун грант маблағларини жалб қилишни жадаллаштириш, республикадаги ихтисослаштирилган муассаса ва ташкилотларнинг кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш ва ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, табиатни муҳофаза қилиш соҳасидаги стратегик ҳужжатларни ишлаб чиқишда Иттифоқнинг халқаро стандартларини қўллаш имкониятларини яратади.

 

 

Давлат экология қўмитаси
Матбуот хизмати

 


 

Фойдали манбалар