Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар: кеча, бугун, эртага
15.
10. 2021
18:43
6229
Тадбирлар

Бугун АОКАда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси раиси ўринбосари Исломбек Боқижонов, бошқарма бошлиғи Ҳалилулла Шеримбетов, ахборот хизмати раҳбари Озод Ражабов иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида мавзу юзасидан маълумот берилди.

Тизимда қилинаётган ишларнинг йиллар кесимидаги таҳлили:

– 2020 йил

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 14 декабрдаги «Хоразм миллий табиат боғини ташкил қилиш тўғрисида»ги қарори асосида Хоразм миллий табиат боғи фаолиятининг йўлга қўйилгани ўтган йили соҳада эришилган ютуқлардан бири бўлди. Миллий боғ ҳудудида барпо этилган питомникка 4 бош хонгули (Бухоро буғуси) сақлаш ва кўпайтириш учун олиб келинди.

Шунингдек, Ҳисор давлат қўриқхонасининг қўриқланма зонасини белгилаш ва айрим объектларни унинг қўриқланма зонасига чиқариш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 18 февралдаги 94-сон қарори қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 11 ноябрдаги «Жанубий Устюрт миллий табиат боғини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори асосида белгиланган вазифалар юзасидан ташкилий ишлар амалга оширилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида 2020 йил 5 мартда ўтказилган 19-сон йиғилиш Баёни ижросини таъминлаш мақсадида «2021-2025 йилларда республикадаги муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни ривожлантиришга доир ЙЎЛ ХАРИТАСИ» ишлаб чиқилди ва тасдиқланди.

Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг моддий-техник базасини ривожлантириш мақсадида уларга бир комплектдан замонавий компьютер, принтер ва ноутбуклар, Зомин, Нурота, Қизилқум, Сурхон давлат қўриқхоналари ва Қуйи Амударё давлат биосфера резерватига Lada 4x4 автомашиналари, «Сайгачий» мажмуа буюртма қўриқхонасига 2 дона кажавали мотоцикл олиб берилди. Бундан ташқари, қўриқхоналардаги ходимларни кийим-бош билан таъминлаш мақсадида қўмитанинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан 111,23 млн сўм маблағ ажратилди.

Зомин давлат қўриқхонаси учун янги маъмурий бино ва инспекторлар уйи (кордон) қурилди, Нурота, Сурхон давлат қўриқхоналарининг маъмурий бинолари ва кордонлари капитал таъмирланди.

– 2021 йил

Вазирлар Маҳкамасининг «Қорақалпоғистон Республикасида «Судочье-Акпетки» давлат буюртма қўриқхонасини ташкил қилиш тўғрисида» 2021 йил 8 февралдаги қарори билан «Судочье-Акпетки» давлат буюртма қўриқхонаси ташкил қилинди.

2021 йил 5 майдаги «Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг қўриқланма зоналарини белгилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ҳукумат қарори билан Сурхон, Қизилқум, Зомин ва Нурота давлат қўриқхонларининг қўриқланма зоналари белгиланди.

«Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган ва йўқолиб кетиш хавфи остидаги ноёб ҳайвонлар – Бухоро буғулари, Туркман қулонлари ва жайронларнинг яшаш муҳитини яхшилаш ва улар яшаётган табиий объект ва мажмуаларга салбий таъсирни камайтириш» бўйича 2021 йил 11 июндаги фармойишга мувофиқ «Жайрон» питомнигидан 175 бош Туркман қулонларини Жанубий Устюрт миллий табиат боғига, Қуйи Амударё давлат биосфера резерватининг «Бадай тўқай» уччасткасидан 30 бош Бухоро буғусини унинг Назархон участкасига ва 45 бошини Хоразм миллий табиат боғи ҳудудига кўчириш режалаштирилган.

Қўмита тасарруфидаги муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар яна 14 дона «Нива» автомобиллар билан таъминланди. Айни пайтда уларда илмий-тадқиқот ишларининг замонавий талаблар асосида амалга оширилишини таъминлаш, айрим муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда экотуризмни ривожлантириш бўйича ишлар давом эттирилмоқда. Жумладан, Қуйи Амударё давлат биосфера резерватида экотуризмни ташкил этиш (ташриф марказини қуриш) мақсадида қўмита жамғармасидан 1,8 млрд сўм ажратилди.

– 2022 йил

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 февралдаги «2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш Ҳаракатлар стратегиясини «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури»нинг 252-бандидаги топшириққа асосан Навоий вилоятида «Марказий Қизилқум» миллий табиат боғи ва «Оқтоғ (Томди)» давлат қўриқхонасини ташкил этиш кўзда тутилган. Ҳозирги кунгача ушбу муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг хариталари, ердан фойдаланувчилари, қўриқланма зоналари, структуралари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳаси тайёрланди.

Шунингдек, 2022 йилда Давлат экология қўмитаси томонидан Қорақалпоғистон Республикасида «Борса келмас» буюртма қўриқхонасини ташкил этиш режалаштирилган. 2022 йил охиригача муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг мамлакат ҳудудидаги улушини 13 фоизга етказиш вазифаси турибди.

Янги муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг ташкил этилиши натижасида камида 180 та иш ўрни яратилади, ноёб ва йўқолиб кетиш ҳавфи остида турган, Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган ўсимлик дунёси объектларининг 97 фоизи ва умуртқали ҳайвон турларининг 94 фоизи муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда муҳофаза остига олинади. Мамлакатда экологик хавфсизлик таъминланишига катта ҳисса қўшилади, экотизимлар қайта тикланишига эришилади.

Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тоифалари ва майдонлари

Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тоифалари ва майдонлари

Ўзбекистон Республикасининг муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тизими

Ўзбекистон Республикасининг муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тизими

Ўзбекистон Республикасининг муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларини кенгайтириш лойиҳаси

Ўзбекистон Республикасининг муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларини кенгайтириш лойиҳаси

 

 

 

Давлат экология қўмитаси
Матбуот хизмати

 


 

Фойдали манбалар