Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилотининг «яшил» ҳаракатлар бўйича Махсус ишчи гуруҳининг йиғилиши якунлари
14.
10. 2021
17:05
3273
Xalqaro hamkorlik

2021 йил 12-13 октябрь кунлари Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси ўринбосари Ж. Казбеков бошчилигидаги делегация Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилотининг (ИҲРТ) Яшил ҳаракатлар бўйича махсус ишчи гуруҳининг онлайн форматида ўтказилган йиллик йиғилишида иштирок этди.

Тадбирда ИҲРТга аъзо давлатлар, Шарқий Европа, Кавказ ва Марказий Осиё (EECCA) минтақаси, халқаро ҳамкор ташкилотлар ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари расмий вакиллари иштирок этишди.

Малумот учун: Яшил ҳаракатлар бўйича махсус ишчи гуруҳининг йиллик йиғилиши жорий йил Тошкент шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган эди.

Бироқ, дунёнинг кўплаб мамлакатларида давом этаётган коронавирус инфекцияси ва унинг салбий оқибатларини инобатга олган ҳолда Махсус ишчи гуруҳ Котибияти йиғилишни онлайн форматда ўтказилиши тўғрисида қарор қабул қилди.

Германия Aтроф-муҳит, табиатни муҳофаза қилиш ва ядро хавфсизлиги федерал вазирлигининг Шарқий Европа, Марказий Осиё, Aфрика ва Яқин Шарқ мамлакатлари билан ҳамкорлик қилиш бошқармаси бошлиғи, Юрген Кайнхорст раислиги остида ўтказилган тадбирда томонлар CОVID-19 дан халос бўлишнинг экологик жиҳатлари, 2021-2022 йиллардаги иш дастурининг бажарилиши натижалари, «Европа учун атроф-муҳит 2022» юқори даражадаги конференциясига тайёргарлик тўғрисида ўзаро маълумот, фикр алмашилди.

Шу билан бирга, Ю. Кайнхорст ва Рудольфо Лейси (ИҲРТ атроф-муҳит бўйича директори) Давлат экология қўмитасига Йиллик йиғилишни Тошкент шаҳрида ўтказишга ташаббус билдирганлиги учун миннатдорчилик билдиришди.

ИҲРТнинг сиёсий таҳлилчиси Изабелла Нуве давлатимизнинг ковиддан кейинги даврда яшил тикланиш борасидаги саъй-ҳаракатларини алоҳида қайд этди. Унинг сўзларига кўра, ЕЕCCA мамлакатлари орасида Ўзбекистон ва Грузия 30% натижага эриша олди ва бу кўрсаткич бўйича минтақанинг бошқа давлатлардан олдинда эканлигини эътироф этди.

Ўз навбатида, Ж. Казбеков ўз нутқида Ўзбекистонда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, кўкаламзорлаштириш ва иқлим ҳаракатлари соҳасида олиб борилаётган изчил ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот тақдим этди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Париж битимига қўшилиши, «Яшил» иқтисодиётга ўтиш стратегиясининг қабул қилиниши, БМТ Бош ассамблеясининг «Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди» деб эълон қилиш ҳақидаги махсус резолюциясининг қабул қилиниши алоҳида таъкидлаб ўтилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Яшил ўсиш ва глобал мақсадлар учун ҳамкорлик – 2030» (P4G) халқаро саммитида нутқ билан иштирок этиши, Глобал яшил ўсиш институти билан Битим имзоланиши, Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқи билан ҳамкорликнинг ўрнитилиши ва Қуйи-Aмударё давлат биосфера резерватини ЮНЕСКОнинг «Одам ва биосфера» дастури доирасида Бутунжаҳон биосфера резерватлари тармоғига муваффақиятли киритилиши яққол далил сифатида келтириб ўтилди.

Шунингдек, Давлат экология қўмитаси вакиллари, 15 октабрь куни Тошкент шаҳрида гибрид форматда бўлиб ўтиши режалаштирилган Марказий Осиё учун иқлим, энергия, сув ва ер (НЕКСУС) боғлиқлиги бўйича юқори даражадаги йиғилишда иштирок этиш учун таклиф қилинди.

 

 

Давлат экология қўмитаси
Матбуот хизмати

 


 

Фойдали манбалар