Халқаро ҳамкорлик алоқалари кенгаймоқда
22.
09. 2021
19:57
4302
Xalqaro hamkorlik

2021 йилнинг 22 сентябрь куни Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасида Германиянинг Табиатни муҳофаза қилиш бўйича Зукков фонди (Succov Stiftung) вакиллари билан учрашув ўтказилди.

Унда, энг аввало, «Инсон ва биосфера» дастури (Man and the Biosphere Programme) доирасида Ўзбекистон Республикасининг Қуйи Aмударё давлат биосфера резервати ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон биосфера резерватлари тармоғига киритилишининг муҳим аҳамияти эътироф этилди.

Зукков фонди муҳофаза этиладиган ҳудудлар департаменти раҳбари Йенс Вундерлих Давлат экология қўмитаси мутасаддиларини ушбу муваффақият билан табриклади.

Маълумки, 13-17 сентябрь кунлари «Инсон ва биосфера» дастури Халқаро мувофиқлаштирувчи кенгашининг 33-сессияси Африка қитъасидаги Абуджa шаҳрида бўлиб ўтди.

ЮНЕСКОнинг биосфера резерватлари тармоғи дунёнинг 131 мамалакатидаги 727 резерватларни, шу жумладан 22 трансчегаравий объектларни ўз ичига олади. Бу эса ҳозирда ер юзининг 5 фоиздан ортиғини эгаллайди ҳамда биологик-хилмахилликни сақлаш, экологик таълим, тадқиқот ва барқарор ривожланишни бирлаштиради.

Қуйи Амударё давлат биосфера резервати Қорақалпоғистон Республикасининг Беруний ва Амударё туманлари ҳудудларида жойлашган бўлиб, умумий майдони 68 717,8 гектарни ташкил қилади. Шундан 11 568,3 гектар қўриқхона зонасига, 6 731,4 гектар буфер зонасига, 50 418,1 гектар ўтиш зонасига ажратилган.

Биосфера резерватининг асосий вазифаси – ландшафтларини, туқайлардаги ўсимлик ва ҳайвонот дунёси турларини, жумладан, кам учрайдиган ва йўқ бўлиб кетиш хавфи остидаги турларни биосфера резервати ҳудудига хос бошқа табиат обьектларини сақлаб қолиш ва қайта тиклашдан иборат.

Биосфера резерватида 419 та юксак ўсимлик турлари учраши аниқланган бўлиб, шундан 2 тур Ўзбекистон Республикаси «Қизил Китоби» га киритилган ноёб ўсимлик турлари ҳисобланади.

Биосфера резервати ҳудудида 36 тур сут эмизувчи, 246 тур қушлар, 29 тур судралиб юрувчилар, 2 тур сувда ва қуруқликда яшовчи, 43 тур балиқлар синфига мансуб ҳайвонлар учраши қайд этилган. Мазкур турлардан 36 тур ҳайвон Ўзбекистон Республикасининг «Қизил Китоби»га, 18 тур эса Табиатни муҳофаза қилиш Халқаро иттифоқи Қизил рўйхатига киритилган ноёб ҳайвонлардир.

 

 

 

Давлат экология қўмитаси
Матбуот хизмати

 


Фойдали манбалар