«Ecologuz» ижтимоий телеграмм каналида 2021 йил 29 август куни жойлаштирилган «Давлат қўриқхоналарида нега чорва боқилмоқда? Нега Қизил китобга киритилган ноёб ҳайвонлар ноқонуний тарзда овланмоқда?» мавзусидаги пост юзасидан
31.
08. 2021
17:11
5259
Эконадзор

Давлат экология қўмитаси «Ecologuz» ижтимоий телеграмм каналида 2021 йил 29 август куни жойлаштирилган «Давлат қўриқхоналарида нега чорва боқилмоқда? Нега Қизил китобга киритилган ноёб ҳайвонлар ноқонуний тарзда овланмоқда?» мавзусидаги постни кўриб чиқиб, давлат қўриқхоналари ва бошқа турдаги муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлардаги ҳақиқий аҳвол ўрганилмасдан ёзилганлигини маълум қилади.

Мазкур пост муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда фидокорона меҳнат қилаётган, меҳнатига нисбатан кам иш ҳақига қаноат қилган ҳолда, туну-кун Она табиатимиз муҳофазасини таъминлаб келаётган ходимларга нисбатан холисона бахо берилмаган.

Постда биринчи кўрсатилган масала Ҳисор давлат қўриқхонасида 4-5 йилдан бери чорва моллари ноқонуний равишда боқиб келинаётганлиги ва бу ҳолатга қарши чиққанлар ротация қилинмоқда ва ишдан бўшатилмоқда, деб таъкидланган. Давлат экология қўмитаси «Ecologuz» телеграм каналига ушбу маълумотни юборган мурожатчига куйидагиларни маълум қилади.

Ҳисор давлат қўриқхонаси 80 минг гектардан ортиқ майдонда жойлашган. Унинг ҳудуди аҳоли манзилгоҳларидан камида 10-80 километр узоқликда жойлашган. Ҳудуд жами 34 нафар қўриқлов ходимлари томонидан муҳофаза қилинади. Ҳар бир ходимга 2300 гектардан муҳофаза қилинадиган мураккаб тоғли ҳудуд тўғри келади. Бунинг устига қўриқхонанинг жанубий чегаралари ҳеч қандай муҳофазага эга бўлмаган Сурхондарё вилоятининг чорва моллари боқиладиган ҳудудлари билан чегарадош. Қўриқхона ходимлари жазирама иссиқда ҳам, қаҳратон қишда ҳам навбат билан ушбу ҳудудларда 5-6 кунлаб уйга келмасдан қўриқлаш ишларини олиб боришади. Қўриқлов ҳодими ўзига беркитилган ҳудудни бу бошидан у бошигача тинмай юрганда 2 кун керак бўлади. Давлат экология қўмитаси қўриқхона қўриқлов ҳодимларини маълум бир кичик бинони (объектни) қаровулларига тенглаштиришни хато деб хисоблайди.

Давлат қўриқхоналарида қўриқлаш ва илмий-тадиқот ишларидан бошқа ҳар қандай турдаги хўжалик фаолияти тақиқланган. Чорва молларининг боқилиши шулар жумласидан. «Давлат қўриқхоналарида нега чорва боқилмоқда? Нега Қизил китобга киритилган ноёб ҳайвонлар ноқонуний тарзда овланмоқда?», деб урғу берилмоқда. Қонуний чорва молларининг боқилиши ёки ов қилиш тушунчаси давлат қўриқхоналарида борми ўзи? Мурожаатчи қонун талабларини, кейин жумлаларни тузаётганда атамаларнинг тўғри ишлатилишига эътибор қаратиши мақсадга мувофиқдир.

Жамиятимизда табиий ресурслар ҳисобига кун кўришга одатланган ноинсоф инсонлар бор экан, деярлик барча муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда қонунбузарликлар содир бўлиб туради. Қонунбузарликлар Давлат экология қўмитасининг инспекторлари ва қўриқхона қўриқлов бўлими ходимлари томонидан ўз вақтида аниқланиб, ҳуқуқбузарларга нисбатан қонунчилик талабларига мувофиқ чора кўрилмоқда. Жумладан, 2020 йилда Ҳисор давлат қўриқхонасининг ўзида 39 та қонунбузарлик ҳолати аниқланиб, шундан 36 таси чорва молларининг боқилиши, 3 таси овчилик ҳуқуқбузарлиги ҳисобланади. Ҳуқуқбузарларга нисбатан тузилган ҳужжатлар ҳуқуқ-тартибот органларига ҳал қилиниш учун тақдим этилган. 2021 йилнинг жорий давригача жами 24 та ҳуқуқбузарлик ҳолати, жумладан, 21 та мол боқиш, 3 та ов қилиш ҳолатлари қайд этилган. Мисол учун, 2021 йил 25 август куни чорва молларининг боқилиши бўйича 2 та ҳолат, Сибир тоғ эчкисининг ов қилиниши бўйича битта ҳолат аниқланиб тегишли қонунбузарлик ҳужжатлари расмийлаштирилган ва ҳуқуқ тартибот органларига топширилган.

Постда муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси тасарруфига ўтказилиши салбий оқибатларга олиб келмоқда, деган фикр билдирилган. Шу муносабат билан мурожаат муаллифига 2019 йилгача бўлган даврдаги ҳолат тўғрисидаги маълумотларни бериш жоиздир.

2019 йилга қадар Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси тасарруфида бўлган давлат қўриқхонаси учун йилдан йилга қўриқхона ҳудудларидан дарахт меваларини ва доривор ўсимликларни йиғиш ва бошқа топшириқларни бажариш мажбурий бўлиб қолганлиги, давлат қўриқхоналари сўнгги 20-25 йилда моддий-техник жиҳатдан таъминланмаганлиги, хизмат кийим-бошлари ходимларига олиб берилмаганлиги, қўриқхонанинг барча ходимлари ўз вазифалари қолиб, турли қишлоқ хўжалик ишларига жалб килинганлиги соҳа мутахассисларига маълум. У даврдаги ойлик билан боғлиқ муаммолари ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар Давлат экология қўмитаси тизимига ўтказилгандан кейинги даврдаги ижобий ўзгаришлар тўғрисида табиат фидойилари билан оддий суҳбатда билиб олса булади. Ноёб ҳайвонларнинг бош сони ошиб бораётганлиги муҳофаза этилаётган табиий ҳудудларда қўриқлаш ишларининг қандай олиб борилаётганлигига берилган баҳо бўлиб хизмат қилади. Жумладан, Сурхон давлат қўриқхонасида морхўр ёки бурама шохли эчкининг сони 2018 йилда 386 бошни ташкил этган бўлса, 2021 йил баҳорги саноқ даврида 607 бошни ташкил этган.

Давлат қўриқхоналарига 2020-2021 йилда 19 дона янги йўлтанламас автомобиллари, барча ходимларга 2 комплектдан хизмат кийим боши олиб берилганлиги, уларга ойлик маошига йўл харажатлари ва овқатланиш учун 1 млн.сўмдан қўшимчалар берилганлиги, умуман маъмурий биноси бўлмаган Зомин давлат қўриқхонасига замонавий янги бино қуриб берилганлиги, ўтган асрнинг 70- йилларида қурилган ва бирор марта таъмирланмаган Нурота давлат қўриқхонаси маъмурий биносини замонавий тарзда капитал таъмирлангани ва улар тўла жиҳозлангани, барча муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда ходимларнинг ўз фаолиятини тўлақонли амалга оширишлари учун 20 дан ортиқ кордонлар (инспекторлар уйи) қурилганлиги, мавжуд бўлган ва таъмирталаб ҳолдаги кордонларнинг таъмирланганлиги, компьютер ва бошқа оргтехника воситалари билан таъминланиши, қўриқлов ва илмий ходимларнинг катта қисми қўмита қошидаги ўқув марказида малакасини оширгани ҳамда бошқа ишлар барчаси муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни ривожлантиришга хизмат қилмоқда. Булардан ташқари давлат қўриқхоналари Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси тасарруфида бўлганда 2019 йилгача уларнинг қўриқланма зоналари белгиланмаган (ҳолбуки, «Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида»ги қонун 2004 йилда янги таҳрирда чиққан ва унинг 47-моддасида шу талаб қўйилган эди). Мазкур қўриқхоналар Давлат экология қўмитаси тасарруфига ўтказилгандан кейин 1,5 йил ичида барчасининг қўриқланма зоналари Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан белгиланди.

Ҳурматли мурожаатчи эътиборини яна бир бор шу нарсага қаратиш зарур, яъни давлат қўриқхоналари, табиат боғлари, биосфера резерватлари, мажмуа ландшафт буюртма қўриқхоналари, буюртма қўриқхоналари - давлат табиатни муҳофаза қилиш муассасаси шаклида ташкил этилган.

Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар агар шу кунгача Ўрмон хўжалиги тизимида қолганда нима бўлиши мумкинлигини айтиш мушкул. Лекин, мазкур қўмита тизимида бўлиб келаётган Зарафшон миллий табиат боғининг бугунги ачинарли ҳолати бунга мисол бўлиши мумкин.

Мазкур ҳолатнинг таҳлили шуни кўрсатадики, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йилнинг 20 мартидаги ПҚ-4247-сонли Қарори ўз вақтида ва Она табиатимизни муҳофаза қилишни самарали таъминлаш мақсадида қабул қилинган.

Давлат экология қўмитаси ҳозирги кунда ҳам муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тизимида ҳал қилинмай қолаётган камчиликлар мавжуд эканлигидан кўз юммайди, бироқ босқичма-босқич бу камчиликлар яқин йилларда бартараф этилади. Бунинг учун қўмита ўз имкониятлари ва эътиборини қаратиб келмоқда. Зеро, биологик хилма-хиллик муҳофазасини таъминлаш, табиий мажмуалар ва объектлар софлигини сақлаб қолиш ҳамда қайта тикланиши учун шароит яратиб бериш мамлакатимиз экологик ҳавфсизлигининг таъминланишига хизмат қилади.

 

 

Давлат экология қўмитаси
Матбуот хизмати

 


 

Фойдали манбалар