Тошкент шаҳри. Масъуллардан 22 нафарига маъмурий иш қўзғатилди
13.
06. 2021
10:43
4863
Эконадзор

Оқова сув тозалаш иншоотлари хизмат кўрсатадиган ифлослантирувчи ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти юзасидан Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Фарҳод Деҳқонов қуйидагиларни маълум қилди:

– Сергели тумани ҳудудида баъзи пайтлари кузатилаётган бадбўй ҳидни бартараф қилиш мақсадида «Тошкент шаҳар сув таъминот» МЧЖ тақдим қилган потенциал хавфли корхоналар рўйхати бўйича Бектемир ва Салар оқова сув тозалаш иншоотларига техник сувларни ташловчи корхоналарда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича бизнес-омбудсман рухсатига асосан текширувлар амалга оширилди.

Унинг натижаларига кўра, корхона ва ташкилотларнинг 22 нафар масъулларига нисбатан Ўзбекистон Республикасининг «Маъмурий жавобгарлик тўғрисида»ги Кодекси тегишли моддалари билан маъмурий ишлар қўзғатилди.

Аниқланган камчиликларни бартараф этиш, корхоналарда локал оқова тозалаш тизимини ишга тушириш, уларни таъмирлаш ва самарали ишлашини таъминлаш юзасидан қисқа муддатда бажарилиши лозим бўлган мажбурий кўрсатмалар берилди.

Бектемир туманида жойлашган 9 та корхона томонидан берилган мажбурий кўрсатмалар ўз вақтида бажарилмаганлиги сабабли давлат экологик экспертизасининг белгиланган муддатдан олдин амал қилишини тўхтатиш ва шаҳар канализация тармоғидан узиш мақсадида Тошкент шаҳар иқтисодий судига даъво аризаси киритилди.

Салар оқова сув тозалаш иншоотига ишлаб чиқариш оқова сувларини ташловчи 18 та корхонадан 11 тасида текширишлар амалга оширилди.

Меъёр даражасида тозаланмаган оқова ташлаётган корхоналар фаолияти вақтинча тўхтатилди.

 

 

Давлат экология қўмитаси
Матбуот хизмати

 


 

Фойдали манбалар