Халқаро биологик хилма-хиллик кунини нишонлаш доирасида давра суҳбати
22.
05. 2021
10:53
7700
Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Халқаро биологик хилма-хиллик куни доирасида Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўрмончилик давлат қўмитаси, БМТ Тараққиёт дастури, Фанлар академияси, Туризм ва спорт вазирлиги, Чотқол давлат биосфера қўриқхонаси ҳамда ОАВ вакиллари иштирокида 2019 – 2028 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасида биологик хилма-хилликни сақлаш Стратегияси доирасида амалга оширилаётган ишларга бағишланган давра суҳбатини ўтказдилар.

Таъкидланганидек, 2000 йил 22 май кунидан бошлаб жаҳоннинг қатор мамлакаларида кенг нишонлаб келинади. Мазкур сана БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1995 йил Биологик хилма-хиллик тўғрисидаги Конвенция аъзо томонларининг анжумани тавсиялари асосида қабул қилинган резолюцияга мувофиқ эълон қилинган. Ўзбекистон Республикаси ҳам ўзининг барқарор ривожланиши учун биохилма-хиллик ресурслари муҳимлигини тан олган ҳолда, 1995 йилда ушбу халқаро конвенцияга қўшилди. Бугунги кунга келиб 196 та мамлакат мазкур конвенцияни ратификация қилган.

Круглый стол, 22 мая 2021 год

Круглый стол, 22 мая 2021 год

Круглый стол, 22 мая 2021 год

Круглый стол, 22 мая 2021 год

Технологиялар соҳасида эришилган ютуқларга қарамасдан сайёра аҳолиси экотизимлар ҳолатига боғлиқ. Ичаётган сувимиз, истеъмол қилаётган озуқамиз, нафас олаётган ҳавоимиз сифати табиатимиз барқарорлигини сақлашга боғлиқ. 2021 йил кун мавзуси «БИЗ ҚАРОРНИНГ БИР ҚИСМИ – WE’RE PART OF THE SOLUTION – МЫ ЧАСТЬ РЕШЕНИЯ» бўлиб, ўтган 2020 йилдаги кун мавзусининг («БАРЧА МУАММОЛАР ЕЧИМИ ТАБИАТДА!») мантиқий давоми ҳисобланиб, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда у билан уйғун ҳолда яшаш бўйича бутун дунё аҳаолиси саъй – ҳаракатларини бирлаштиришга имкон беради.

Биологик хилма-хиллик ёки биохилма-хиллик бу Ер юзидаги ҳаёт хилма-хиллигини тасвирлашда фойдаланиладиган атамадир. Биохилма-хилликка кўп ҳолатларда ўсимлик, ҳайвонот ва микроорганизимлар хилма-хиллиги бойлиги нуқтаи назаридан қаралади. БМТ маълумотларига кўра, бугунги кунда 1,75 млн турлар аниқланиб, кўп қисмини ҳашаротлар ташкил этади. Олимлар фикрига кўра, турларнинг реал сони 13 млн атрофида.

Биологик хилма-хилликнинг қисқариши асосан инсоният фаолияти натижаси бўлиб, унинг қисқариши иқтисодий ривожланишга жиддий хавфни юзага келтиради. Сўнгги 20 йил ичида қабул қилинаётган самарали чора-тадбирларга қарамасдан табиий яшаш муҳитнинг бузилиши, табиат ресурсларидан хаддан ортиқ фойдаланиш, сув ва ернинг ифлосланиши билан боғлиқ омиллар натижасида биологик хилма-хиллик қисқариб бормоқда. Ўз навбатида таъкидлаш жоизки, табиат ресурслари ҳаётий таъминот тизимимизнинг асосини ташкил этади. Биологик хилма-хилликни сақлаш ҳамда муҳофаза қилиш учун четга суриб бўлмас амалий тадбирларни амалга ошириш зарур.

Мамлакатимизда биологик хилма-хилликни сақлаш ва ундан барқарор фойдаланишни таъминлаш, муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудларни ривожлантириш ва кенгайтириш, табиий экологик тизимларнинг таназзулга учраши суръатларини пасайтириш, ҳайвонлар ва ўсимликларнинг камёб ва йўқолиб бораётган турларини қайта тиклаш, биохилма-хилликни сақлаб қолиш соҳасидаги халқаро муносабатларни ривожлантиришга қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадида 2019 йилда 2019–2028 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасида биологик хилма-хилликни сақлаш Стратегияси қабул қилинди.

Стратегия доирасида:

– муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудлар майдонларини мамлакат ҳудудининг 12 фоизига етказиш;

– Орол денгизининг қуриган тубида ўрмонзорлаштириш ишларини олиб бориш ва унинг майдонини 1,2 млн гектарга етказиш;

– Бухоро ихтисослаштирилган «Жайрон» питомнигида жайронлар бош сонини 1000 га етказиш;

– давлат қўриқхоналаридаги эталон экотизимларда биохилма-хиллик компонентлари учун мониторинг олиб боришнинг марказий бўғинли ягона тизимини яратиш;

– замонавий геоахборот технологиялари (ГИС-технологиялар) асосида биохилма-хилликнинг давлат мониторинги ва давлат кадастри ягона ахборот маълумотлар базасини яратиш;

– ҳар йили 2 млн гектар майдонда табиий яйловлар ва пичанзорлардаги ўсимликларни геоботаник текширувдан ўтказиш;

– биохилма-хилликни сақлаб қолиш масалаларини иқтисодиётнинг барча тармоқларига интеграциялашни амалга ошириш кўзда тутилган.

Ўзбекистоннинг биохилма-хиллиги ҳозирги пайтда маълум бўлган 27 мингтага яқин турни ўз ичига олади. Улар орасида юксак ўсимликлар, пўпанаклар, лишайниклар (сув ўтлари билан қопланган замбуруғлар), қўзиқоринлар ва сув ўтлари) умуман олганда 11 мингтага яқин турни ташкил этади, фауна турлари — 15,6 мингта турдан ортиқ. Ўзбекистон олий томирли ўсимликлари эндемизми қарийб 8%. Қадимдан сақланиб қолган эндемиклар эндемик турлар умумий сонининг 10 – 12 фоизини ташкил этади.

Бетакрор табиатимиз ва ундаги биохилма-хилликни тўлиқ муҳофаза этиш, уларни қайта тиклаш ва кўпайтириш ишлари муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикасида 6 та давлат қўриқхонаси (Чотқол биосфера, Зомин, Нурота, Ҳисор, Сурхон, Қизилқум), 1 та мажмуа (ландшафт) буюртма қўриқхонаси (Сайгачий), 6 та табиат боғи (Зомин, Угом-Чотқол, Зарафшон, Хоразм, Китоб, Жанубий Устюрт), 1 та миллий боғ (Дўрмон), 11 та табиат ёдгорлиги (Варданзи, Мингбулоқ, Чуст, Ёзъёвон чўли, Акбаробод, Зилха, Бўстонбува, Янгибозор, Пайкент, Варахша, Урунғоч), 2 та биосфера резервати (Қуйи Амударё ва Угом-Чотқол давлат биосфера резерватлари), 12 та буюртма қўриқхонаси (Арнасой, Денгизкўл, Каракир, Судочье, Муборак, Октау, Карнабчўл, Қўшработ, Нуробод, Қумсултон, Хадича, Омонқўтон), 1 та «Жайрон» Бухоро ихтисослаштирилган питомниги мавжуд. Уларнинг умумий майдони 3,521 млн гектарни ташкил қилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 14 декабрдаги “Хоразм миллий табиат боғини ташкил қилиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Хоразм миллий табиат боғи ташкил этилиб, фаолияти йўлга қўйилди. Мазкур табиат боғи Амударёнинг чап қирғоқида жойлашган ўрмонзорларнинг ўзига хос фауна ва флораси билан, ноёб тўқай ландшафтларидаги ўсимлик ва ҳайвонот олами Хоразм воҳасидаги биологик хилмахилликни сақлашда, воҳадаги экологик мувозанатни барқарор ушлаб туришда муҳим аҳамиятга эга.

Воҳада ёввойи ўсимликларнинг 600 дан зиёд тури ўсади. Шундан 250 га яқин тури қумли зоналарда ўсадиган ўсимликлардир. Шунингдек, доривор ўсимликларнинг 200 га яқин тури учрайди.

Шунингдек, миллий боғ ҳудудида барпо этилган питомникка 4 бош хонгул ёки бухоро буғуси сақлаш ва кўпайтириш учун олиб келинди.

Яна бир ташкил этилган муҳофаза этиладиган ҳудудлардан бири бу – «Жанубий Устюрт» миллий табиат боғидир.

Ҳудудда Ўзбекистон Қизил китобга киритилган 4 та турдаги ўсимликлар мавжуд. Ҳудуд Ассаке-Аудан чуқури, Устюрт платосининг жанубий чинки, Сариқамиш кўли акваторияси каби хушманзара табиат гўзалликларни акс эттиради.

Шу билан бирга Мўйноқ туманида умумий майдони 280 507 гектар бўлган давлат табиатни муҳофаза қилиш муассасаси шаклидаги «Судочье-Акпетки» давлат буюртма қўриқхонаси ташкил этилди.

Қўриқхоннинг асосий мақсади қирғоқ ландшафтлари, каналлар, коллекторлар ва улардаги сув оқими, сув атрофида яшовчи қушлар, ноёб, йўқ бўлиб кетиш хавфи остида бўлган балиқлар, йиртқич қушлар ва сут эмизувчи ҳайвонларни сақлаб қолиш ҳамда уларни қайта кўпайтиришдан иборат.

Айни дамда Судочье кўлини халқаро аҳамиятга (Рамсар конвенцияси) эга бўлган сувли-ботқоқли ҳудудлар рўйхатига киритиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилмоқда.

 

 

Давлат экология қўмитаси
Матбуот хизмати

 


 

Фойдали манбалар