Ўзбекистон делегацияси иқлим ўзгариши масалалари бўйича давра суҳбатида иштирок этди
22.
04. 2021
16:00
4673
Тадбирлар

2021-йилнинг 21-апрел куни Давлат экология қўмитаси раиси ўринбосари Ж. Казбеков Ўзбекистон Республикаси делегацияси таркибида виртуал давра суҳбатида иштирок этди. Тадбир Иқлим бўйича глобал етакчилар саммити доирасида ўтказилмоқда.

Ташқи ишлар вазири А. Камилов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси таркибида Инновацион ривожланиш вазирлиги, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва “Ўзгидромет” вакиллари ҳам ўрин олди.

Давра суҳбати чоғида Ўзбекистон томони тадбир иштирокчиларини мамлакатимиз раҳбари бошчилигида республикамизда иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ва мослашиш бўйича олиб борилаётган ишлар билан таништирди. Ушбу йўналишдаги халқаро ҳамкорликни, жумладан БМТ шафелигидаги Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик траст фонди доирасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш юзасидан аниқ таклифлар тақдим этилди.

Ўзбекистон Республикаси делегацияси Президентимизнинг Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар зонаси деб эълон қилиш тўғрисида БМТ Бош ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилиш ташаббусини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Марказий Осиё минтақасида иқлим ўзгариши, сув ресурслари камайиши ва табиий офатларнинг салбий оқибатларини олдини олиш бўйича самарали ва тегишли чораларни кўриш муҳимлиги таъкидланди.

Қайта тикланадиган энергия манбалари соҳасида илмий-тадқиқот салоҳиятини кучайтириш, шунингдек, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун ресурсларни жалб қилиш зарурлиги қайд этилди.

Ўзбекистон томони халқаро шерикларни биологик хилмахиллик ва экологик тизимлар қисқариши иқлимий сабабларини ўз вақтида бартараф этиш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга чақирди.

Leaders Summit on Climate

Leaders Summit on Climate

 


 

Фойдали манбалар