Ҳокимлик мораторийни писанд қилмади(ми?)
24.
03. 2021
11:25
5402
Янгиликлар

Қашқадарё вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси инспекторлари томонидан жорий йил 15 март куни тунги соат 23 ларда Қарши шаҳар «Алишер Навоий» истироҳат боғи ичидаги «Нуронийлар маскани»да Қарши шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Ободонлаштириш бошқармаси ходимлари кўп йиллик ҳар хил турдаги дарахтларни моторли арра билан кесиб, ТТЗ-80 русумли давлат рақами 727 GA 70 трактори тиркамаларига ортаётганлиги аниқланган.

Ҳолат юзасидан ҳуқуқбузарларга тушунтириш ишлари олиб борилиб, қонуний тўхтамга келгунга қадар уларнинг дарахт кесиш мосламалари олиб қўйилганди. Лекин, бунга қарамасдан, жорий йилнинг 22 март куни қоқ ярим тунда юқорида кўрсатиб ўтилган истироҳат боғи ичидаги «Нуронийлар маскани»да Қарши шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Ободонлаштириш бошқармасининг яна бир гуруҳ ходимлари ушбу ҳудуддаги қолган кўп йиллик дарахтларни кесаётганлиги ашёвий далиллар билан қайд этилди.

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси инспекторлари томонидан юқорида келтирилган иккала ҳолат атрофлича ўрганилди. Дарахт кесишга мораторий жорий қилингани Қарши шаҳар ҳокимлиги мутасаддиларига яна бир бор эслатилиб, 14 дона кўп йиллик дарахтларни нобуд қилишнинг оқибати тушунтирилди. Улар томонидан табиатга етказилган зарар 58 млн. 677 минг 500 сўм миқдорида ҳисобланди.

Асли вазифаси ободонлаштириш бўлган бошқарма ходимларининг бундай ҳатти-ҳаракатини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Давлат экология қўмитаси мутахассислари эса ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва тартиб-қоидаларни писанд қилмаганларга нисбатан тегишли чора кўриш ишларини изчил давом эттираверади.

 

 

Давлат экология қўмитаси
Матбуот хизмати

 


 

Фойдали манбалар