Қушларнинг қишки ҳисоби ўтказилди
20.
01. 2021
15:51
7081
Эконадзор

2021 йил январь ойида Давлат экология қўмитаси Биохилма-хиллик ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар бош бошқармаси, Атроф-муҳит ва табиатни муҳофаза қилиш технологиялари илмий-тадқиқот институти ҳамда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Зоология институти билан биргаликда мамлакатимиз сув ҳавзаларида сувда сузувчи қушларнинг қишки ҳисобга олиш тадбири амалга оширилди.

Мазкур экспедиция давомида Жиззах, Навоий, Бухоро, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларидаги сув омборлари ўрганилди.

Тадқиқотлар сувда сузувчи қушларни муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш учун муҳим бўлган сув ҳавзаларида, минтақавий қўриқхоналар ва овчилик хўжаликларида ҳамда энг муҳим орнитологик ҳудудларда, яъни Айдаркўл, Сечан кўл, Ачин кўли, Тузкон, Оёқоғитма кўллари, Толимаржон, Каттақўрғон, Тўдакўл ва Қуйимозор сув омборларида ўтказилди.

Жами 190 550 та сувда сузувчи қушлар қайд этилди. Шу жумладан, кенг тарқалган турлардан Қашқалдоқ, Катта қўнғир, Олмабош, Ёввойи ўрдак ҳамда камёб ва йўқолиб кетиш хавфи бўлган қуш турларидан Оқбош ўрдак, Вишилдоқ оққуш, Бақироқ оққуш, Жингалак сақоқуш, Оқ думли сув бургут ва бошқалар ҳисобга олинди.

Олинган натижалар Ўзбекистон Республикасининг сув ҳавзаларида сув қушларини сақлаш ва улардан оқилона фойдаланиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқишда, шунингдек, Рамсар Конвенцияси ва Африка-Евроосиё миграцион сув қушларини сақлаш тўғрисидаги (AEWA ) битимнинг миллий ҳисоботларига киритишда асос бўлиб хизмат қилади.

 

 

Давлат экология қўмитаси
Матбуот хизмати

 


 

Фойдали манбалар